Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Сайёр солиқ текширувда жаримани бўлиб тўлаш имконияти яратилди
Солиқ текширувлари тартибидаги янгиликларга кўра, сайёр солиқ текшируви натижасида қўлланган жаримани 6 ойга бўлиб тўлаш имконияти берилди. Шунингдек, камерал текширувларда такрорий текширувларни чеклаш ва солиқ органларининг ҳужжатларни мажбурий кўриб чиқиш каби янги мажбуриятлари белгиланди.
Фото: AP
Сайёр солиқ текшируви бўйича солиқ тўловчиларга қатор енгилликлар берилди. Хусусан, сайёр текширув натижаларига кўра қўлланилган жаримани 6 ойга бўлиб тўлаш имконияти яратилди.
Шу билан бирга, солиқ аудити ўтказилган ёки ўтказилаётган солиқ даври учун текширувдан олдинги таҳлил (“Автокамерал” тизимидан) ўтказилмаслиги белгиланди.
Камерал солиқ текширувлари тартибида ҳам бир қатор чеклов ва мажбуриятлар жорий этилди. Жумладан, айнан битта солиқ (ҳисобот) даври учун айнан бир хил солиқлар бўйича қайта камерал солиқ текширувини ўтказишга йўл қўйилмайди. Фақат камерал текширув жараёнида солиқ органига аввал маълум бўлмаган янги ҳолатлар аниқланса, бундан мустасно этилади.
Шунингдек, камерал текширувларда аниқланган тафовутни асослаш мақсадида солиқ тўловчи қўшимча ҳужжатлар тақдим этган тақдирда, солиқ органлари уларни мажбурий тартибда кўриб чиқиши шарт этиб белгиланди.
Яна бир муҳим янгиликка кўра, камерал солиқ текширувида аниқланган ҳуқуқбузарликлар солиқ тўловчи томонидан белгиланган муддатда бартараф этилса ва солиқлар, йиғимлар ҳамда пенялар тўлиқ тўланса, мансабдор шахслар жиноий ёки бошқа жавобгарликдан озод қилиниши назарда тутилди.