Янги тартибга кўра, БМТнинг вақтинчалик чоралар бўйича мурожаати Ташқи ишлар вазирлиги орқали келиб тушгандан сўнг 1 кун муддатда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ҳамда Адлия вазирлигига юборилади.

Миллий марказ 1 кун ичида масъул давлат органларига сўровнома йўллаб, вақтинчалик чораларни амалга ошириш бўйича тезкор чора-тадбирлар кўриш ҳамда зарурат туғилганда асосланган тушунтириш тақдим этишни сўрайди.

Давлат органлари эса 3 кун муддатда амалга оширилган ёки амалга оширилиши режалаштирилган чора-тадбирлар юзасидан тушунтиришни Миллий марказга тақдим этади.

Йиғилган маълумотлар асосида Миллий марказ ишчи гуруҳ билан биргаликда 3 кун муддатда Ҳукуматнинг расмий нуқтаи назарини шакллантириб, Ташқи ишлар вазирлигига юборади.

Ҳукуматнинг расмий позицияси Ташқи ишлар вазирлиги томонидан 2 кун ичида БМТнинг тегишли шартномавий қўмиталарига йўлланади.