Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
4 минг километр магистрал йўллар “автобан”га айлантирилади
БМТ таҳлилига кўра, сифатли йўллар иқтисодиётнинг камида 2 фоиз ўсишига туртки беради. Шу асосда беш йиллик дастур доирасида йўллар сифати яхшиланиб, транзит салоҳияти оширилади, қишлоқ хўжалигида эса озиқ-овқат хавфсизлиги ва нархлар барқарорлигини таъминлашга қаратилган янги чоралар жорий этилади.
Фото: AP
Давлат раҳбари таъкидлаганидек, автомобиль йўлларининг сифатини яхшилаш ва транзит имкониятларини кенгайтириш мақсадида беш йиллик дастур амалга оширилади. Унга мувофиқ, Андижон–Қўнғирот, Тошкент–Термиз, Самарқанд–Шаҳрисабз, Олот–Сариосиё йўналишларини боғлайдиган, умумий узунлиги 4 минг километр бўлган магистрал йўллар халқаро талабларга мос “автобан”ларга айлантирилади.
Шунингдек, 2026 йилнинг ўзида Қорақалпоғистон, Бухоро, Қашқадарё ва Сурхондарё ҳудудларидан ўтган умумий фойдаланишдаги 300 километр йўлларда реконструкция ишлари якунланиши белгиланди.
Бундан ташқари, Тошкент–Самарқанд, Тошкент–Андижон, Тошкент–Бўстонлиқ, Пунғон–Наманган ҳамда Қарши–Шаҳрисабз йўналишларида юқори тезликда ҳаракатланишга мўлжалланган 800 километр йўллар қурилиши бошланади.
Йўлларни лойиҳалаштириш жараёнларига ҳам янги талаблар киритилиши айтилди. Хусусан, аҳоли фикрини инобатга олиш, транспорт қатновининг атроф-муҳитга таъсирини баҳолаш, пиёдалар учун “тўсиқсиз” муҳит яратиш каби мезонлар қонун даражасида мустаҳкамланади.
Шу билан бирга, аҳоли даромади ва хорижий сайёҳлар оқими ортиши келгуси беш йилда озиқ-овқатга бўлган талабни 1,5 карра ошириши қайд этилди. Шу боис қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳажмини ҳозирги 40 млрд доллардан 60 млрд долларга етказиш мақсади қўйилди.
Бозорларни асосий озиқ-овқат маҳсулотлари билан бутун йил давомида барқарор нархда таъминлаш учун 2026 йилдан доимий интервенция тизимига ўтилади. Ҳудудлардаги “Озиқ-овқат жамғармалари”га ажратиладиган ресурс 2,5 баробар кўпайтирилиб, 500 млрд сўмга етказилиши белгиланди.
Шунингдек, мева-сабзавотга ихтисослашган 1 мингта маҳаллада сиғими 100 тоннагача бўлган кичик совиткичли омборлар барпо этилиши режалаштирилган. Айтилишича, ушбу чоралар келгуси йил инфляция даражасини 6–6,5 фоизга туширишга хизмат қилади.
Мавзуга оид
19:56 / 28.08.2025
Германияда энг қиммат автобан очилди: йўлнинг 1 метри – 225 минг евро
07:40 / 20.10.2023
Ўзбекистонда пулли автобанлар қурилиши режалаштирилмоқда
11:45 / 03.10.2019
Ўзбекистонда хусусий шериклар иштирокида тезкор автобанлар қурилади
21:50 / 10.12.2018