Аввалига қароргоҳи Лондонда жойлашган Iran International сунъий йўлдош телеканали, кейин эса New York Times газетаси манбага асосланиб, Мужтаба Хоминаий Эрон ислом республикасининг олий раҳбари лавозимига асосий номзод экани ҳақида хабар тарқатди – у урушнинг илк кунида ҳалок бўлган оятуллоҳ Али Хоминаийнинг ўғли ҳисобланади. Уни олдин ҳам бир неча бор отасининг ўрнини эгаллаш учун асосий номзд сифатида кўрсатишганди.

New York Times маълумотига кўра, Эроннинг янги олий раҳбарини сайлаш учун масъул бўлган Экспертлар кенгаши бу қарор ҳақида чоршанба куни тонгдаёқ эълон қилишга тайёр эди, аммо бу хабар кичик Хоминаийни АҚШ ва Исроил зарбаларининг янги нишонига айлантириши мумкинлиги борасидаги хавотирлар туфайли уни янги раҳбар сифатида эълон қилиш кейинроққа қолдирилган.

Мужтаба Хоминаий 2000-йиллардаёқ отасининг эҳтимолий вориси сифатида кўриларди. Ўшанда ОАВ уни олий раҳбарга энг яқин кишилардан бири деб атаган.

Мужтаба Хоминаий ким ўзи?

Мужтаба Хоминаий – оятуллоҳ Али Хоминаийнинг иккинчи ўғли бўлиб, 1969 йилда Машҳадда туғилган. 1979 йилги инқилобдан кейин бутун оила Теҳронга кўчиб ўтган, Али Хоминаий ўшанда мудофаа вазири ўринбосари лавозимини олганди.

1987 йилда Мужтаба Хоминаий мактабни тамомлайди. Шундан кейин армияда хизмат қилади, хизматнинг охирги икки йили Ироқ билан урушга тўғри келади. Айнан ўша даврда Мужтаба Хоминаий Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси билан яқинлашгани айтилади.

1989 йилда – ислом инқилоби етакчиси оятуллоҳ Руҳуллоҳ Ҳумайнийнинг вафотидан кейин Али Хоминаий Эроннинг янги диний раҳнамоси этиб сайланади. Мужтаба бу орада диний таълим олади ва таълимни давом эттириш мақсадида 1999 йилда шиалар учун мусулмон илоҳиётининг асосий марказларидан бўлган Қум шаҳрига боради.

Қумда Мужтабага консерватив ва ултраконсерватив диний арбоблар дарс беради. Кейинчалик унинг ўзи ҳам мадрасада дарс бера бошлайди, аммо барибир оятуллоҳ диний мақомига эриша олмайди.

Мужтаба 2000-йилларда Ғулом-Али Ҳаддод Одилнинг қизига уйланади – у 2004 йилдан 2008 йилга қадар Эрон парламенти спикери бўлган. WikiLeaks маълумотларига кўра, 2007 йилда оилада биринчи фарзанд – ўғил туғилган.

Мужтабанинг рафиқаси ва ўғли ҳам урушнинг илк кунида – 28 феврал куни ҳалок бўлишди – улар ҳам зарба вақтида Али Хоминаийнинг ёнида бўлишган. Reuters агентлиги манбаларга таяниб ёзишича, Мужтабанинг ўзи эса шу куни Теҳронда эмасди.