Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
5 кишини ўлдирган авария ва фош этилган жиноий гуруҳлар – маҳаллий дайжест
Наврўз умумхалқ байрамини муносиб нишонлаш мақсадида Тошкент шаҳрида кенг кўламли маданий-маърифий тадбирлар ва халқ сайиллари ташкил этилади. 2026 йилнинг дастлабки икки ойида 45 та жиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйилди. Давлат харидларида рақобатга зид 28 мингдан ортиқ ҳолат аниқланди. Куннинг шу ва бошқа муҳим янгиликлари билан таништирамиз.
Тошкентда Наврўз муносабати билан халқ сайиллари ташкил этилади
2026 йилги Наврўз умумхалқ байрамини муносиб нишонлаш мақсадида Тошкент шаҳрида кенг кўламли маданий-маърифий тадбирлар ва халқ сайиллари ташкил этилади.
Президент қарорига кўра, “Наврўзни улуғлаш – инсонни улуғлашдир!” деган эзгу ғоя асосида ташкилий-амалий, маданий-маънавий ва тарғибот тадбирлари дастури ишлаб чиқилиб, унинг амалга оширилиши таъминланади.
Шунингдек, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида кўчат экиш тадбирлари, “Мен ҳам кўчат экаман” акцияси ҳамда умумхалқ ҳашарлари ўтказилади.
Икки ойда 45 та жиноий гуруҳ фош этилди
2026 йил январ–феврал ойларида криминоген вазиятни барқарорлаштириш мақсадида ўтказилган 6025 та махсус тезкор тадбир давомида 45 та жиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйилди.
Ички ишлар вазирлиги маълумотига кўра, ушбу тадбирлар натижасида товламачилик, ноқонуний қурол сақлаш, қиморхона ташкил этиш, одам савдоси, орттирилган иммунитет вируси инфекциясини тарқатиш ва фоҳишахона сақлаш билан боғлиқ кўплаб жиноятлар фош этилди. Хусусан, тезкор тадбирлар давомида 116 та товламачилик, 315 та ноқонуний қурол билан боғлиқ, 86 та қиморхона ташкил этиш, 40 та одам савдоси, шунингдек, 790 та ОИВ инфекциясини тарқатиш ва фоҳишахона сақлаш каби жиноят ҳолатлари аниқланган.
Янги қуриладиган уйларда «ақлли» сув ҳисоблагичлар мажбуран ўрнатилади
2027 йилдан Ўзбекистондаги янги кўп квартирали уйларни қуриш лойиҳаларида замонавий электрон ичимлик сув ҳисоблагичларини ўрнатиш мажбурий этиб белгиланди.
Президент фармонига мувофиқ, кўп квартирали уйлар қурилишида ер ажратиш ва рухсат бериш тартиб-таомиллари жараёнларини ўз ичига олувчи инвестиция-қурилиш даврининг давомийлигини 1,5 бараваргача қисқартириш белгиланди. Шунингдек, хонадонга кирадиган ичимлик сув тармоғи учун фақат битта ўлчов нуқтаси бўлиши кўзда тутилган.
Давлат харидларида рақобатга зид 28 мингдан ортиқ ҳолат аниқланди
Рақобат қўмитаси маълумотига кўра, 2025 йилда давлат буюртмачилари томонидан ўтказилган бошланғич қиймати 18,8 трлн сўм бўлган 23 мингдан ортиқ давлат харидлари ўрганиб чиқилди. Таҳлиллар натижасида 16135 та савдо жараёнида жами 28304 та рақобатга зид ҳаракатлар қайд этилди.
Хусусан, 16017 та ҳолатда савдоларни ўтказиш тартиби қонун ҳужжатларига зид равишда бузилган. Шунингдек, 1145 та ҳолатда иштирокчилар фаолиятини мувофиқлаштириш, 801 та ҳолатда эса савдо иштирокчиларини асоссиз равишда четлатиш ҳолатлари аниқланган. Қонун бузилишига йўл қўйган корпоратив буюртмачиларга нисбатан молиявий жарималар қўлланиб, келгусида бундай ҳолатларнинг олдини олиш бўйича кўрсатмалар берилган.
Навоийда ЙТҲ оқибатида 5 киши ҳалок бўлди
Навоийда яна бир аянчли ЙТҲ содир бўлди.
Маълум бўлишича, ЙТҲ 7 март куни соат 16:30 лар атрофида “Навоий–Зарафшон–Учқудуқ” автомобил йўлининг Конимех тумани ҳудудидан ўтган қисмида содир бўлган. “Навоий-Зарафшон” йўналишида ҳаракатланиб бораётган Chery машинаси қарама-қарши йўналишда келаётган Kia билан тўқнашган. Тўқнашув пайтида ҳар икки машинанинг ҳаракат тезлиги белгиланган чекловдан юқори бўлгани айтилмоқда.
ЙТҲ оқибатида Kia машинасида бўлган бир оиланинг 3 аъзоси ҳамда Chery машинасида бўлган 2 киши вафот этган. Уларнинг 3 нафари воқеа жойида ҳалок бўлган.
Айни шу йўлда аввалроқ ҳам ЙТҲ содир бўлиб, 4 киши вафот этганди.
Мавзуга оид
20:20 / 05.03.2026
Камбағалликнинг янги чегараси ва ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум этилганларга қарши «ов» - маҳаллий дайжест
21:22 / 04.03.2026
Тошкентда бекатлар “ислоҳоти” ва 4 одамни ўлдирган авария – маҳаллий дайжест
21:04 / 03.03.2026
Картадан картага пул ўтказишда янги талаблар ва газ учун қишки лимит муддатининг узайтирилиши – маҳаллий дайжест
19:53 / 02.03.2026