Жаҳон | 17:48
513
2 дақиқада ўқилади

БМТ Бош Ассамблеяси Ўзбекистон ташаббуси билан Халқаро қаҳва кунини таъсис этди

1 октябр Халқаро қаҳва куни сифатида нишонланади. Бу ҳақдаги ҳужжатга Беларус, Қирғизистон, Туркманистон ва Ўзбекистон каби ўнлаб давлатлар ҳаммуаллифлик қилган.

Фото: Shutterstock

БМТ Бош Ассамблеяси 1 октябрни Халқаро қаҳва куни деб эълон қилди. Резолюция Нью-Йоркда тасдиқланди. БМТ ахборот хизмати маълумотларига кўра, ҳужжатга Беларус, Қирғизистон, Туркманистон ва Ўзбекистон каби ўнлаб давлатлар ҳаммуаллифлик қилган.

Ҳужжатда қаҳва ишлаб чиқариш ва қайта ишлашнинг бир қатор Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишга қўшган ҳиссаси таъкидланган: очликка қарши курашиш, ўта қашшоқликни камайтириш, аёлларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш, муносиб меҳнат ва иқтисодий ўсишга кўмаклашиш.

«Қаҳва - бу оддий ичимликдан ҳам кўпроқ нарса. Бу глобал савдонинг бир қисми - ғалладан тортиб пиёлагача - миллионлаб фермер хўжаликларини тирикчилик воситалари билан таъминлайди ва қишлоқ жамоаларини бутун дунё бўйлаб бозорлар билан боғлайди», деди БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (FAO) бош директори Сюй Дунюй.

Қаҳва энг машҳур ичимликлардан биридир: сўнгги ўн йил ичида дунё бўйлаб аҳоли жон бошига истеъмол қилиш йилига ўртача 1,2 фоизга ошди. Тармоқ қарийб 25 миллион фермерга даромад келтиради ва қўшилган қиймат занжирининг барча босқичларида иш ўринлари яратади.

Умуман олганда, глобал қаҳва саноати йилига 200 миллиард доллардан ортиқ даромад келтиради.

Қаҳва дунёдаги энг фаол сотиладиган маҳсулотлардан бири бўлиб қолмоқда. 2024 йилда жаҳон ишлаб чиқариши 11 миллион тоннадан ошди, шундан қарийб 8 миллион тонна қаҳва донлари халқаро бозорларга сотилди. Шу йили глобал қаҳва ишлаб чиқариш қиймати деярли 25 миллиард долларга баҳоланган бўлса, глобал қаҳва экспорти тахминан 34 миллиард долларга етган.

2024 йилда қаҳванинг энг йирик экспортчилари Бразилия ва Ветнам, энг йирик импортчилари эса Европа Иттифоқи ва Америка Қўшма Штатлари бўлди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид