Германия канцлери Фридрих Мерц Эрондаги уруш Украина учун салбий оқибатларга олиб келиши мумкинлигидан огоҳлантирди. Украина эса Россиянинг кенг кўламли босқинидан ҳимояланмоқда. У 10 март, сешанба куни Берлинда Чехия бош вазири Андрей Бабишни қабул қилар экан, Украинани қўллаб-қувватлаш зарурлигини яна бир бор таъкидлади.
“Биз биламизки, Кремл Эрон билан боғлиқ уруш унга қаерда янги имкониятлар очиб беришини диққат билан кузатмоқда”, — деди у.
Мерц “Эрон атрофидаги драматик воқеаларни алоҳида кўриб чиқмаслик”ка чақирди, чунки улар Россиянинг Украинага қарши уруши билан “чамбарчас боғлиқ”. Шу боисдан, у айниқса ҳозир Украинани қўллаб-қувватлаш сусаймаслиги кераклигини таъкидлади.
“Бошқа ҳамкорлар НАТОнинг шарқий ва шимолий қанотларидан ўз кучларини олиб чиқаётган бир пайтда, биз ўз жойимизда қоляпмиз”, — деди Германия канцлери ва бундай “юкни тақсимлаш” муҳимлигини урғулади.
“Акс ҳолда, биз Москвага Украина ва Европани заифлаштириш имконини бериб қўямиз”, — дея изоҳ берди у.
АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши уруши ҳақида фикр билдирган Фридрих Мерц “хавфли эскалация”дан огоҳлантирди ва Эронни минтақадаги ҳужумларни зудлик билан тўхтатишга чақирди. Унинг айтишича, Эрон раҳбарияти “минтақа давлатларига, жумладан Германиянинг яқин ҳамкорлари ва иттифоқчиларига ҳам танлаб ўтирмасдан ҳужум қилмоқда”, Берлин эса бундай зарбаларни “энг қатъий тарзда” қоралайди.
Германия раҳбарининг сўзларига кўра, урушнинг ҳар бир кейинги куни билан янада кўпроқ саволлар пайдо бўлмоқда.
“Бизни энг аввало шу нарса ташвишлантирмоқдаки, афтидан, бу урушни қандай қилиб тез ва ишончли якунига етказиш мумкинлиги бўйича умумий режа йўқ”, — деди у.
“Биз чексиз урушдан манфаатдор эмасмиз. Биз Эроннинг ҳудудий яхлитлиги, давлатчилиги ёки иқтисодий яшовчанлиги вайрон бўлишидан манфаатдор эмасмиз”, — деди Мерц. Унинг сўзларига кўра, дунёга “минтақавий тинчлик тартиби ва хавфсизликнинг бир қисми сифатида барқарор Эрон керак, шундай тартибдаки, унда на Исроилга, на бошқа давлатларга хавф таҳдид қилмайди ва унда Теҳрон ўз ядровий даъволаридан ҳамда терроризмни қўллаб-қувватлашдан воз кечади”. У қўшимча қилишича, Германия ЕИдаги шериклари билан биргаликда шундай режа устида ишламоқда ва бу масалада Исроил ҳамда АҚШ билан музокаралар олиб бормоқда.

















