Яқин Шарқдаги можаронинг кескинлашиши фонида минтақадаги энг барқарор молиявий марказ ва ноёб сайёҳлик масканининг нуфузи хавф остида қолди. Хўш, уруш сабаб Дубай нималарни йўқотди ёки йўқотиши мумкин?
Ўтган ҳафта ижтимоий тармоқларда бир видео тарқалди: унда Дубайдаги ал-Мамзар пляжи устидан Эроннинг «Шаҳед» дрони учиб ўтаётгани кўринади. Дроннинг ортидан уни уриб туширишга ҳаракат қилаётган қирувчи самолёт қувиб борарди. Пляжда эса тумонат одам соябонлар остида тобланиб ётибди. Изоҳларда икки хил фикр ўзаро тўқнашди: уруш пайтида одамлар пляжда қолаётгани ҳайратланарлими ёки улар ҳукуматнинг хавфсизлик тизимига шу қадар ишонишадими?
Ҳўрмуз бўғози яқинида жойлашган Дубай аслида жуда хавфсиз шаҳарлардан бири эди. Аммо, 28 февралда АҚШ ва Исроилнинг Теҳронга бостириб кириши фонида Эроннинг қарши ҳужумига учради. Бирлашган Араб Амирликлари ҳудуди устида 290 га яқин ортиқ баллистик ракета ва 1500 дан зиёд дрон аниқланган. Уларнинг аксарияти йўқ қилинган, бироқ портлашлар тез-тез кузатиляпти. Ўзини ўнлаб йиллар давомида сиёсатдан холи ҳашамат маркази ҳамда нотинч минтақадан ажралган хавфсиз маскан сифатида тарғиб қилиб келган шаҳар бирдан ҳимоясиз бўлиб қолгандек.
Айни пайтда Дубай қийин ҳолатда. Йирик банклар ва халқаро компаниялар ўз ходимларини мамлакатдан эвакуация қилди ёки масофавий иш тартибига ўтказди. Одамлар ерости автотураргоҳлари ёки бошқа пана жойларга яширинишган. Гавжум кўчалар бўшаб қолган. Ҳозиргача БААда камида 8 киши ҳалок бўлган, юзлаб инсонлар жароҳатланган. Хўш, Дубай нималарни йўқотди ёки йўқотиши мумкин?
Нега айнан Дубай?
Маҳаллий ҳукумат хавфсизликни таъминлаш учун бор кучини сафарбар этаётгани, тез орада вазият барқарорлашиб, ҳаёт ўз маромига қайтишини айтиб, барчани хотиржамликка чақиряпти. Бу ҳаракатларни тушуниш мумкин, зеро минтақадаги энг барқарор молиявий марказ ва ноёб сайёҳлик масканининг нуфузи хавф остида қолган. Эрон раҳбарлари Дубайни Ғарб иқтисодий тизимининг муҳим нуқталаридан бири деб ҳисоблайди. Шу боис ҳужумлар нафақат Дубай ва БААга, балки бутун глобал иқтисодиётга таъсир қилади, деб ҳисоблашяпти. Урушнинг дастлабки кунларида Теҳроннинг жавоб ҳужуми учун визуал эффект ҳам муҳим эди: Fairmont The Palm меҳмонхонаси атрофидаги ёнғинлар ёки аэропортдаги портлашлар тасвири ўн минглаб турист ва экспатларни ваҳимага солди. Экспертлар ушбу ҳаракатни «чекланган ва огоҳлантирувчи» зарбалар тактикаси дея баҳолашди.
















