Иқтисодиёт | 13:57
597
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон 2026 йилда 167 млрд долларлик ЯИМга эришишни режалаштирмоқда

2026 йилда Ўзбекистон иқтисодиётини 6,6 фоизга ошириш ва ялпи ички маҳсулот ҳажмини 167 млрд долларга етказиш режалаштирилмоқда.

Фото: Getty images

Президент ҳузурида ўтган йиғилишларда 2026 йил учун мамлакатнинг асосий иқтисодий устувор йўналишлари белгилаб олинди. Давлат сиёсатида асосий эътибор аниқ иқтисодий натижаларга эришиш, инвестицияларни кенг жалб қилиш ва тармоқлар самарадорлигини оширишга қаратилади.

Маълум қилинишича, 2025 йилда ялпи ички маҳсулот 7,7 фоизга ўсиб, 147 млрд доллардан ошган. Иқтисодий ўсишнинг асосий қисми хизматлар соҳаси ҳисобига таъминланган.

Жорий йилда 50 млрд доллар хорижий инвестиция жалб қилиш режалаштирилган. Шу билан бирга, инвестиция лойиҳаларини амалга оширишда уларнинг самарадорлиги ва экспортга йўналтирилганлиги устидан қатъий назорат ўрнатилади.

Саноатни камида 8,5 фоизга ошириш, автомобил ишлаб чиқариш ҳажмини 510 мингтага етказиш ва маҳаллий кооперацияни кенгайтириш вазифалари қўйилди.

Қурилиш соҳасида ҳажмни 400 трлн сўмга етказиш ва камида 17 фоизлик ўсишни таъминлаш режалаштирилган. Ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш учун бюджетдан 40 трлн сўм маблағ ажратилади.

Шунингдек, 2026 йилда кичик ва ўрта бизнесда энергия самарадорлигини ошириш, газ ва электр энергияси сарфини қисқартириш бўйича чоралар кўрилади.

Экспортни диверсификация қилиш, янги бозорлар ва маҳсулотлар ҳисобига уни ошириш, шунингдек ички бозорда нарх-наво барқарорлигини таъминлаш ҳам устувор вазифалар сифатида белгиланди.

Барча ислоҳотлар “ҳужжатдан натижага” тамойили асосида амалга оширилади ва уларнинг ижроси қатъий назорат остида бўлади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид