Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти ҳажмини 2030 йилга бориб 300 млрд долларга етказишни ўз олдига мақсад қилиб қўйди. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев Мустақилликнинг 35 йиллиги тантанасида эълон қилди.

“Уч йил олдин 2030 йилда ялпи ички маҳсулот ҳажмини 160 миллиард долларга етказишни режа қилган эдик. Глобал логистикадаги узилишлар ва дунёдаги нотинч вазиятга қарамасдан, бу вазифани шу йилнинг ўзида ортиғи билан амалга оширамиз ва даромади ўртачадан юқори давлатлар қаторига кирамиз”, – деди давлат раҳбари.

Президентга кўра, эндиги мақсад – иқтисодий ўсишнинг юқори суръатларини сақлаб қолиш ва 2030 йилгача ялпи ички маҳсулот ҳажмини 300 миллиард долларга етказиш.

Шавкат Мирзиёев, шунингдек, изчил саъй-ҳаракатлар туфайли камбағаллик даражаси 2017 йилдаги 35 фоиздан 4 фоизга туширилганини ҳам маълум қилди.

Эслатиб ўтамиз, 2026 йил якунлари бўйича Ўзбекистон иқтисодиёти ҳажми 180 млрд долларга етиши кутилмоқда.