30 август куни Ню-Йоркнинг Манҳэттен ҳудуди Wall Street’да Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан давлат байроғи кўтарилди. Энди ушбу марказий кўчада байроқ 10 кун давомида ҳилпираб туради.

Бу йили Ўзбекистон мустақиллиги эълон қилинганига 35 йил тўлмоқда. Байрам шукуҳи эса нафақат Республика ичкарисида, балки дунё бўйлаб тарқаган. Ўзбек жамиятлари ва дипломатик корпуслар биргаликда турли байрам ва маросимларни ўтказишмоқда. Масалан, АҚШ Ню-Йорк шаҳри Манҳэттен ҳудудидаги машҳур Wall Street’да 30 август куни Ўзбекистон давлат байроғи кўтарилди. Энди байроқ 10 кун давомида шу ерда ҳилпираб туради.

Маросимда Ўзбекистоннинг БМТдаги ваколатхонаси расмийлари, АҚШда ўзбек жамиятлари раислари ва аъзолари, ватандошлар қатнашди. Икки давлат мадҳиялари янгради. Дипломатлар ўзбекларни бу ерга келишга чорлади.

Kun.uz билан гаплашган “Mahalla USA” Ўзбекистон-Америка жамияти раиси Абдумалик Аҳмедов фикрича, бугун ҳеч қайси ўзбек Ватандаги бўлаётган ишларга бефарқ эмас.

“Ватанни севиш география танламайди, тарихда буюк давлатчилигимиз бўлган. АҚШда яшовчилар айниқса бугунги Ўзбекистонга бефарқ эмас”, дейди у.

АҚШ Молия ва солиқ департаменти эксперти бўлиб ишловчи яна бир юртдошимиз Мукаррамхон Эгамбердиева эса Ўзбекистондаги ўзбек тилидаги йиғинларни соғинганини айтади.

“Оила болаларимизга ўзбек тилида сўзлашишларини айтиб, буни қила олишимиз керак деб биламан. Мен ўзбек тилида бўлувчи йиғинлар, учрашувларни доим соғинаман”, дейди у.

Эслатиб ўтамиз, бу йилги байрам АҚШнинг турли ҳудудларида бўлиб ўтмоқда. Масалан, 29-30 август кунлари Филаделфия, 30 август Ню-Йоркда бўлса, сентабр бошида пойтахт, Вашингтон штати ва қатор ҳудудларда тадбирлар режаланган. Сиэтлда эса бош консуллик очилиши бўлиб ўтади.