АҚШ Қуролли кучлари якшанба, 30 август куни Ҳўрмуз бўғозида жойлашган Эроннинг Ларек оролидаги иккита ракета қурилмасига зарба берди. Бу ҳақда АҚШ Марказий қўмондонлиги (CENTCOM) маълум қилди.
Америка ҳарбийлари маълумотига кўра, Эрон Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси кучлари Ларек оролидан Ҳўрмуз бўғози томон денгиз миналарини олиб борувчи ракеталарни учиришга тайёргарлик кўраётган бўлган.
CENTCOM матбуот котиби Тим Хокинснинг билдиришича, АҚШ ҳарбийлари ўтган ҳафта Ҳўрмуз бўғозидаги халқаро савдо кемалари ҳаракатланадиган йўлларни миналардан тозалаш ишларини якунлаган.
АҚШ президенти Доналд Трамп ҳам бир ҳафта аввал Теҳронга денгизга мина жойлаштирадиган ҳар қандай кема ёки бошқа сузиш воситаси “зудлик билан ва тизимли равишда йўқ қилиниши” ҳақида огоҳлантириш берилганини айтган эди.
Ларек ороли Эрон соҳилидан бир неча денгиз мили узоқликда, стратегик аҳамиятга эга Ҳўрмуз бўғозида жойлашган.
Эрон Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси АҚШ зарбасига жавобан Вашингтон бу ҳужум учун “иқтисодий ва ҳарбий жабҳада жавоб бериши”ни билдирди.
Эроннинг Ислом инқилоби муҳофизлари корпусига яқин Tasnim агентлиги маълумотига кўра, Ларек оролига зарба учувчисиз учиш аппарати орқали берилган. Ҳужум оқибатида икки киши ҳалок бўлган ва яна икки киши яраланган.
АҚШ Эронга охирги марта июл ойи охирида зарба берган эди. Шундан кейин президент Доналд Трамп Теҳрон билан Ҳўрмуз бўғозининг келажаги, санкциялар ҳамда Эрон ядро дастури бўйича музокараларни давом эттириш истагини билдириб, ҳарбий зарбаларни тўхтатганди.
Бироқ томонлар ўртасидаги музокараларда сезиларли натижага эришилмаган. Кейинчалик Трамп маъмурияти Эронга нисбатан ҳарбий босим ўрнига иқтисодий босимни кучайтиришга урғу берди.
Ҳўрмуз бўғози АҚШ ва Эрон ўртасидаги қарама-қаршиликнинг асосий нуқталаридан бири бўлиб қолмоқда. У жаҳон нефт савдоси учун стратегик аҳамиятга эга денгиз йўли ҳисобланади.
АҚШ ҳарбийлари бўғозда халқаро савдо кемаларининг эркин ҳаракатини таъминлашга тайёр эканини билдирган. Эрон эса АҚШнинг янги зарбасига жавоб чоралари кўрилишини маълум қилган.



