Бу ҳақда маълум қилган Ўзбекистон Президенти администрациясининг АҚШдаги вакили Комил Алламжонов америкалик ҳамкорларга мазкур ташаббус учун миннатдорлик билдирди.

Ўзбекистоннинг Сиетлдаги Бош консулхонаси маълумотига кўра, АҚШнинг Орегон штати губернатори Тина Котек 2026 йил 1 сентябрни бутун штат миқёсида “Ўзбекистон Мустақиллиги куни” (Uzbekistan Independence Day) деб расман эълон қилган.

Губернатор томонидан имзоланган ва Орегон давлат котиби Тобиас Рид томонидан тасдиқланган прокламацияда Орегоннинг барча аҳолиси ушбу муҳим санани биргаликда нишонлашга чақирилган.

Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан қабул қилинди. Ҳужжатда Ўзбекистоннинг 35 йил давомида ўз суверенитетини мустаҳкамлаб, бой маданий меросини асраб-авайлаш, тинчлик, фаровонлик ва миллий тараққиёт йўлида изчил ривожланиб келаётгани алоҳида қайд этилган.

Прокламацияда, шунингдек, Ўзбекистонда амалга оширилаётган иқтисодий ва ижтимоий ислоҳотлар, мамлакатнинг халқаро майдондаги фаоллиги ҳамда Марказий Осиёда минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасидаги саъй-ҳаракатларига алоҳида эътибор қаратилган.

Орегон раҳбарияти Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги муносабатлар савдо, инвестициялар, технологиялар, таълим, тоза энергетика, туризм ва халқлараро алмашинувлар орқали тобора кенгайиб бораётганини ҳам эътироф этган.

Ҳужжатда Ўзбекистон Республикасининг Сиэтл шаҳридаги Бош консулхонаси Орегон штатига ҳам хизмат кўрсатиши ва Ўзбекистон билан Орегон ўртасидаги маданий, иқтисодий, таълим ҳамда халқлараро алоқаларни янада ривожлантиришга хизмат қилаётгани алоҳида қайд этилиши муҳим аҳамиятга эга.

Шунингдек, Орегон штати Ўзбекистон билан маданий, таълим, иқтисодий ва халқлараро муносабатларни изчил кенгайтиришни олқишлаши расман билдирилган. Ўзбек-Америка ҳамжамияти ва Ўзбекистон дўстларининг икки халқ ўртасидаги ўзаро англашув ва дўстликни мустаҳкамлашдаги ҳиссаси ҳам эътироф этилган.

Орегон штати ҳақида

Орегон штати АҚШнинг Тинч океани соҳилидаги иқтисодий ва технологик жиҳатдан муҳим штатларидан бири, “чиплар маркази” ҳисобланади. Аҳолиси 4,3 млн киши, иқтисодиёти эса 340 млрд доллардан ортиқ.

Штат АҚШнинг етакчи яримўтказгич ва юқори технологиялар марказларидан бири бўлиб, бу ерда Intel'нинг йирик илмий-ишлаб чиқариш мажмуаси жойлашган.