Уларнинг болалиги, мактаб йиллари, касб танлаши, оила қуриши ва фарзандли бўлиши каби муҳим масалалар мустақиллик йилларида кечди. Шунинг учун 1991 йилда туғилганлар ҳаёти орқали Ўзбекистоннинг сўнгги 35 йилда қандай ўзгарганига назар ташлаш мумкин.
723 мингдан ортиқ туғилиш қайд этилган йил
Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 1991 йилда Ўзбекистонда 723,4 мингта туғилиш қайд этилган. 2025 йилда эса мамлакатда 879,6 мингта туғилиш расмийлаштирилган. Бу икки рақам орасидаги фарқ аслида жуда катта, чунки 1991 йил бошида мамлакат аҳолиси 20,6 млн нафар атрофида эди, 2026 йилда эса 39 миллиондан ошган.
Аҳолининг жойлашув тарзи ҳам ўзгарди: шаҳар аҳолисининг улуши 1991 йил бошида 40,3 фоиз бўлган бўлса, ҳозир 55 фоизга етган. Бу рақамлардан кўриш мумкинки, 1991 йилда туғилган авлод улғайган сари мамлакатнинг ўзи ҳам “катталашиб” борди.
Бир авлод кўрган ўзгаришлар
1991 йилда туғилган бола мактаб ёшига етганида мамлакат мустақилликнинг дастлабки йилларини бошдан кечираётган эди. Уларнинг болалиги ҳозирги смартфонлар, ижтимоий тармоқлар ва доимий интернетсиз ўтган. Кассета ва дисклардан компютерларга, оддий телефонлардан смартфонларгача бўлган технологик ўзгаришлар айнан шу авлоднинг болалиги ва ёшлиги даврида юз берди. Бугун эса интернет, онлайн хизматлар, электрон тўловлар ва ижтимоий тармоқлар кундалик ҳаётнинг оддий қисмига айланган.
Бу жиҳатдан 1991 йилда туғилганларни икки дунё ўртасида ўсган авлод дейиш мумкин: улар интернетсиз болаликни ҳам билади, рақамли муҳитда эса фарзанд тарбиялаяпти. Ҳозирги болалар учун интернетсиз дунё қандай бўлганини тасаввур қилиш қийин бўлса, 1991 йил авлоди бу глобал трансформацияни шахсан бошдан кечирган.
Бу авлод учун нималар муҳим?
1991 йилда туғилганлар совет даврида шаклланган катта авлод билан мустақил Ўзбекистонда туғилиб, улғайган ёшлар ўртасидаги ўтиш авлоди бўлди. Уларнинг ота-онаси совет даври одамлари эди, бу авлод учун эса мустақиллик даври – уларнинг бутун ҳаёти кечган муҳит. Улар шу даврда мактабга борди, касб танлади, олий таълим олди, биринчи ишига жойлашди ва оила қурди.







