Эронда армияга чақирилувчиларнинг минимал ёши 12 ёш этиб белгиланди. Бу ҳақда Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси раҳбари ўринбосари Раҳим Надалий маълум қилди, деб хабар берди Al Arabiya телеканали.
Телеканал маълумотига кўра, 12 ёшли болалар разведка ва оператив қўриқлашга, “Басиж” назорат-ўтказув пунктларидаги ишларга, аскарларга овқат тайёрлаш, ярадорларга қарашга жалб этилади.
Қайд этилишича, бу Эроннинг ҳарбий операцияларда болалардан фойдаланишни тақиқлаш бўйича халқаро мажбуриятларига зид ҳисобланади.
Аввалроқ АҚШ қуролли кучлари марказий қўмондонлиги (CENTCOM) матбуот хизмати 3,5 минг нафарга яқин Америка денгизчилари ва денгиз пиёда қўшинлари Яқин Шарққа етиб келганини хабар қилганди.
ОАВнинг ёзишича, АҚШ Эронга қарши қуруқликдаги операцияни бошлашга тайёрланмоқда.
















