АҚШ Эрон билан уруш бошлаганидан буён камида еттита самолётини йўқотди, деб хабар берди CNN ўз манбаларига таяниб. 

Энг сўнгги йўқотишлар орасида F-15 қирувчи ва A-10 Thunderbolt II штурмчи самолёти бор.

Телеканал АҚШ авиацияси йўқотган яна бешта самолётни санаб ўтди:

2 март куни учта F-15 самолёти «дўстона ўт очиш» натижасида Кувайт ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари томонидан уриб туширилганди. 

12 март куни Ироқда KC-135 ёнилғи қуювчи самолёти ҳалокатга учради. Америка ҳарбийларининг маълумот беришича, самолёт бошқа самолёт билан тўқнашиб кетган. Таъкидланишича, иккинчи самолёт ерга қўнишга муваффақ бўлган.

27 март куни E-3 Sentry радиолокация самолёти Эроннинг Саудия Арабистонидаги Шаҳзода Султон авиабазасига ҳужуми оқибатида йўқ қилинди. 

Бундан ташқари, март ойида F-35 қирувчи самолёти эронликлар зарбасидан сўнг ҳалокатли қўнишни амалга оширган, деди CNN манбалари.

Пентагон бу хабар бўйича расмий изоҳ бермади.

Шунингдек, АҚШ 16 та MQ-9 Reaper дронини йўқотди, деб хабар берди CBS News икки нафар мансабдорга таяниб. Уларнинг маълумот беришича, охирги иккита дрон Исфаҳон ҳудудида йўқ қилинган.