Англия: «Арсенал»да режадан ташқари мағлубият

«Арсенал» – «Борнмут» 1:2
Голлар: Крупи, 17 (0:1). Йокереш, 35 – пеналти (1:1). Скотт, 74 (1:2)
«Арсенал»: Райя, Салиба, Габриэл Магаляйнс, Люис-Скелли, Уайт (Москера, 76), Субименди (Габриэл Жезус, 76), Райс, Ҳаверц (Эзе, 54), Мартинелли (Доуман, 54), Мадуэке (Троссар, 54), Йокереш
«Борнмут»: Петрович, Сенеси, Ҳилл, Трюффер, Хименес (Смит, 90), Скотт, Кристи (Адамс, 70), Таверне, Крупи (Тот, 85), Райан (Брукс, 70), Эванилсон (Энес Юнал, 90)
Огоҳлантиришлар: Йокереш, 80 – Трюффер, 77. Крупи, 79. Ҳилл, 90

Лига кубоги финалидаги мағлубият, Чемпиошип вакили «Саутҳемптон»га қарши ўйинда ютқазиб, Англия кубогини тарк этиш, ЕЧЛда «Спортинг»га қарши ўйиндаги қийин ғалаба – булар чуқур инқирозни англатмайди, аммо «Арсенал» барча ўйинларда қийналаётганини кўрсатади. Умуман олганда, апрел – Микел Артета учун энг муаммоли ой ҳисобланади.

«Борнмут»га қарши ўйин бошида Трюффернинг узатмасидан кейин тўп рикошет орқали Крупининг оёғига бориши ва ҳисоб очилишидан кейин бу ўйинда ҳам лондонликларга осон бўлмаслиги ойдинлашди.

Биринчи бўлимнинг ўзида тўп жарима майдони ичида қўл билан ўйналгани учун белгиланган пеналтини Йокереш аниқ ижро этди ва ҳисобни тенглаштирди.

Одатда ушбу швециялик ҳужумчи гол урган ўйинларда «канонирлар» ғалабани ўзиники қилади. Аммо бу сафар эмас. Артета иккинчи бўлимда захирадан футболчиларни ташлаш орқали ҳужум чизиғини кучайтиришга уринди, аммо ғалаба голини уриш меҳмонлар яримҳимоячиси Скоттга насиб этди. «Борнмут» мағлубиятсиз сериясини давом эттирди (+5=7), бу эса клуб учун рекорд ҳисобланади. Барча турнирлар доирасида сўнгги тўрт ўйинда учинчи бор ютқазган (жамоанинг ундан олдинги 49 ўйиндаги жами мағлубиятлари сони учта эди) Артета шогирдлари эса АПЛ чемпионлик пойгасидаги вазиятни ўзи учун қийинлаштириб қўйди: бугун «Сити» «Челси» билан ўйинда ғалаба қозонадиган бўлса, орадаги фарқ 6 очкогача қисқаради («шаҳарликлар»да яна битта захира ўйини бор).

«Ливерпул» – «Фулҳэм» 2:0
Голлар: Нгумоҳа, 36 (1:0). Салоҳ, 40 (2:0)