Иқтисодиёт | 17:15
571
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари яна 70 млрд доллардан ошди

2026 йил 1 май ҳолатига кўра, Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари 70,89 миллиард долларни ташкил этяпти. Бир ой давомида захира активлар қиймати 1,9 миллиард долларга кўпайди. Ўзбекистон Марказий банки ярим йилдан кейин яна олтин сотишни бошлади.

Фото: AP

2026 йил 1 май ҳолатига, Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари 70,89 млрд долларни ташкил қилди. Захиралар қиймати апрел ойида 1,9 млрд долларга ошди. Бу ҳақда Марказий банк тақдим этган ҳисоботда келтириб ўтилган.

Ўтган ой давомида захираларнинг валюта қисми 1,15 млрд долларга, олтин қисмининг қиймати 743 млн долларга кўпайди. Ўз навбатида захиралар таркибида олтиннинг физик ҳажми 13,4 млн троя унциядан 13,3 млн троя унцияга камайган.

Регулятор инвестиция киритган қимматли қоғозлар портфели эса деярли ўзгаришсиз қолиб, 1,5 млрд доллар атрофида сақланиб қолди.

Умуман олганда, охирги 1 йил ичида Ўзбекистоннинг захира активларида 21,6 млрд долларлик ўсиш кузатилди. Бу халқаро бозорда олтин нархларининг қимматлашиши фонида юз берди. Яқин Шарқда геосиёсий вазиятнинг ниҳоятда кескинлашиши, жаҳон савдосидаги ноаниқликлар, АҚШ Федерал резерв тизимининг мустақиллиги атрофидаги хавотирлар ва Қўшма Штатларнинг фискал барқарорлигига доир шубҳалар кучайгани сабаб 2026 йилда қимматбаҳо металл баҳоси 5000 доллардан ошиб кетганди.

Бироқ март ойида қимматбаҳо металл нархи пасая бошлади: агар 2 март куни олтиннинг бир троя унцияси 5419 долларгача кўтарилган бўлса, 1 апрелда ўртача нархлар 4785 долларни ташкил этди. 1 май ҳолатига келиб эса қимматбаҳо металл баҳоси 4627 доллар бўлди.

Достон Аҳроров
Тайёрлаган Достон Аҳроров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид