Бугунги кунда ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон ҳукумати томонидан олиб борилаётган ташқи қарз, олтин-валюта захираларини ушлаб туриш, пул-кредит ва валюта сиёсатлари ҳамда солиқ ислоҳотлари борасида танқидий фикрлар бир қатор мустақил экспертлар томонидан янграмоқда.

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази эксперти, иқтисодчи Халилуллоҳ Ҳамидов мустақил экспертларни «хавотирлантираётган» ва кўпчиликка қизиқ бўлган масалалар – ташқи қарз, олтин-валюта захиралари кўпайиши ва улардан фойдаланиш, Марказий банкнинг пул-кредит ва валюта сиёсати ҳақида тўхталиб ўтди.

Хўш, нима учун олтин-валюта захиралари 2020 йилда 5,7 миллиард долларга кўпайганидан кейин, 2021 йил 1-чоракда 2,2 миллиард долларга камайди? Нима учун коронавирус инқирози даврида ташқаридан қарз олинди, лекин олтин-валюта захиралари «ёқилмади»? Марказий банк алмашув курсини барқарор ушлаб турибдими? Марказий банкнинг пул-кредит сиёсати доирасида асосий мақсади нималардан иборат?

Олтин-валюта захиралари ва ташқи қарз

2020 йил бошидан ҳозирга қадар мустақил экспертлар томонидан қайта-қайта кўтарилаётган масалалардан бири – молиялаштириш манбаси сифатида олтин-валюта захирасидан фойдаланиш ва ташқи қарз масаласи бўлиб қолмоқда. Айрим иқтисодий сиёсат танқидчилари мамлакатнинг бюджетни ва инвестиция дастурларини молиялаштириш учун ички имкониятлари бўла туриб, ташқаридан арзон бўлмаган қарзларни жалб қилишини иқтисодий мантиқ нуқтайи назардан тушунарсиз, деб ҳисобласалар, айримлари 2020 йилда ялпи ташқи қарзни 9,88 миллиард долларга (26,3 млрд доллардан 36,2 млрд долларга) оширмасдан, 5,73 миллиард долларга кўпайган олтин-валюта захираларидан фойдаланиш «оқилона» ечим бўлар эди, деган хулосаларни беришди.

Лекин, бир томондан, танқидчилар ташқи қарзларнинг арзон эмаслиги бўйича аниқ ҳисоб-китобларини тақдим этмаган бўлсалар, иккинчи томондан, ички имкониятлари сифатида кўрсатаётган олтин-валюта захиралари ўзгаришини таҳлил қилишда хатоликларга йўл қўйишган.

Хўш, 2020 йилда олтин-валюта захиралари қайси омиллар ҳисобига 5,7 миллиард долларга кўпайгандан кейин, 2021 йил 1-чоракда 2,2 миллиард долларга камайди?

Биринчи навбатда, таъкидлаш керакки, олтин-валюта захиралари ўзгаришига (кўпайиши ёки камайишига) 4 хил омил таъсир қилади:

  • Марказий банк томонидан пул-кредит сиёсати доирасида стерилизация операциялари амалга оширилиши;
  • ишлаб чиқарувчилардан олтин сотиб олиниши;
  • жаҳон бозорида олтин нархлари ўзгариши;
  • Ўзбекистон Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг Марказий банкка ишончли бошқарувга берилган активлари ҳажмининг ўзгариши.