Марказий банк Ўзбекистоннинг халқаро захиралари тўғрисидаги маълумотларни янгилади.

2023 йилнинг 1 апрел ҳолатига кўра, Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари 35,4 млрд долларни ташкил қилган. Таққослаш учун, бу кўрсаткич 2023 йил 1 март ҳолатига кўра, 33,9 млрд доллар бўлган.

Март ойи давомида олтиннинг физик ҳажми камайган бўлса-да, (12,6 млн троя унциядан 12,3 млн троя унцияга), қиймати 22,8 млрд доллардан 24,2 млрд долларга ошган. Бу асосан ҳисобот даврида жаҳон бозорида олтин нархларининг қимматлашгани билан боғлиқ.

Хусусан, 1 март ҳолатига кўра 1 троя унция олтин нархи 1836 долларни ташкил этган бўлса, 31 март ҳолатига бу кўрсаткич 1969 долларгача етган.

Халқаро молия бозорларида олтин нархининг қандай шаклланиши Ўзбекистон учун муҳим аҳамият касб этади. Мамлакат захираларининг 68 фоизини (12,3 млн троя унция ёки 382 тонна) олтин ташкил этади.

Олтин-валюта захиралари нима учун керак?

Ҳар бир мамлакатнинг олтин-валюта захиралари ўзига хос суғуртадир. У давлатнинг миллий иқтисодиётини эҳтимолий макроиқтисодий хатарлардан ҳимоя қилади. Шу боис, олтин-валюта захиралари қатор талабларга жавоб бериши лозим. Масалан, ундан ҳар қандай соҳада фойдаланиш имконияти бўлиши керак. Олтин-валюта захиралари осон жойлаштирилиши ва осон олиниши даркор.

Мамлакатларнинг олтин-валюта захираларидан қуйидаги мақсадларда фойдаланилиши мумкин:

  • тўлов ва савдо балансидаги дефицитни бартараф этиш учун;
  • инфляцияни ушлаб туриш, миллий валютани молия бозорида қўллаб-қувватлашга валюта сотиб олиш учун;
  • давлатнинг ташқи қарзларини тўлаш учун;
  • давлатлар ўртасидаги ҳисоб-китобларни амалга ошириш учун.

Олтин-валюта захиралари асосан қимматбаҳо металлардан (қуйма олтин, платина, палладий, кумуш), давлатлараро миқёсда захира валютаси сифатида тан олинган хорижий пул воситаларидан (АҚШ доллари, евро, швейцар франки, япон иенаси, фунт-стерлинг) ва Халқаро валюта жамғармаси чиқарадиган нақдсиз пул бирликларидан ташкил топади.