Жаҳон | 16:09 / 06.02.2026
11564
2 дақиқада ўқилади

Покистон пойтахти Исломободдаги масжидда кучли портлаш содир этилди

6 феврал куни юз берган террорчилик ҳаракати оқибатида 30 нафардан ортиқ киши ҳалок бўлди, 200 нафарга яқини жароҳатланди. Расмий маълумотларга кўра, терактни содир қилган шахс дастлаб қўриқчиларга қарата ўт очган, сўнгра портловчи қурилмани ишга туширган. Президент Шавкат Мирзиёев Покистон раҳбариятига таъзия йўллади.

Фото: AP

Покистон пойтахти Исломободдаги масжидда 6 феврал куни кучли портлаш рўй берди. Сўнгги маълумотларга кўра, 31 киши ҳалок бўлди, 200 нафарга яқини жароҳатланди.

Полициячилар аниқлик киритишича, портлаш жума намозидан кейин содир этилган.

Маҳаллий нашрларга кўра, масжиднинг кириш қисмида шубҳали шахс тўхтатилганида, унинг баданига ўрнатилган портловчи қурилма ҳаракатга келтирилган.

«Террорчи дарвоза олдида тўхтатилган ва у ўзини портлатиб юборган», – деган AFP манбаси анонимлик шарти билан.

Ўтган йил ноябрида Исломободда рўй берган портлаш оқибатида 12 киши ҳалок бўлганди. Полициячилар шаҳар суди биноси яқинида рўй берган портлашни худкуш томонидан содир этилган теракт деб баҳолаганди.

Ўшанда портлаш учун жавобгарликни ҳеч бир гуруҳ ўз зиммасига олмаган, аммо CNN манбалари бу ҳужум «Толибон»га алоқадор жангарилар томонидан амалга оширилганини маълум қилганди.

Шиалар 241 миллион аҳолига эга ушбу мамлакатда диний озчиликни ташкил этади, ушбу қатлам олдин ҳам кўп марта бу каби ҳужумлар нишонига айланган.

Аммо мамлакат пойтахтида портлашлар кам учрайдиган ҳолат ҳисобланади. Бош вазир Шаҳбоз Шариф ушбу терактни қоралаб баёнот берди.

Президент Шавкат Мирзиёев Исломобод шаҳридаги масжидда содир бўлган террорчилик ҳаракати оқибатида кўплаб инсонларнинг ҳалок бўлгани ҳамда жиддий жароҳат олгани муносабати билан Покистон президенти Асиф Али Зардорий ва бош вазири Шаҳбоз Шарифга таъзия йўллади. Давлат раҳбари Покистон халқига, марҳумларнинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдириб, жароҳатланганлар тез фурсатда соғайиб кетишини тилади.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев

Мавзуга оид