Покистон пойтахтида бўлиб ўтган дастлабки юзма-юз музокараларда АҚШ ва Эрон делегациялари қандайдир келишувга кела олмади. Вице-президент Жэй Ди Вэнс Эрон томонидан ён берилишига эриша олмагани кутилмаган ҳолат эмас: музокаралар бошланиши арафасида томонларнинг баёнотларида зиддият шу қадар кучли эдики, музокаралар мавзуси амалда нима бўлиши охиригача тушунарсиз қолаётганди.

Таҳлилчилар қайд этишича, Исломободдаги музокаралар ҳам феврал ойида Женевадаги муваффақиятсиз якунланган музокаралар билан бўлгани каби схемада боши берк кўчага кириб қолган – ундан фарқи, бу сафар Эрон ядро дастурига Теҳрон қўлидаги кучли қурол бўлиб чиққан Ҳўрмуз бўғози ҳам қўшилган.

Энди Трамп маъмурияти ёқимсиз вариантлардан бирини танлаш қаршисида қолган: Теҳрон билан унинг ядровий дастури келажаги ҳақида узоқ давом этадиган музокаралар ёки урушни қайтадан бошлаш (бу уруш эса аллақачон кенг кўламли энергетика инқирозига олиб келган), шунингдек, Ҳўрмуз бўғози устидан назорат учун узоқ давом этадиган кураш.

Бу сценарийларнинг ҳар бири муҳим стратегик ва сиёсий камчиликларга эга.

Вэнс музокаралар тафсилотларига тўхталмади, фақат Эрон томонига ядро дастурини бутунлай тўхтатишни назарда тутувчи таклифни етказгани ва бу таклиф рад этилганига ишора қилди.

«Биз қизил чизиқларимиз қаердан ўтишини аниқ қилиб тушунтирдик. Уларга қайси масалаларда ён беришга тайёрлигимизни ҳам. Улар эса шартларимизни қабул қилмасликка қарор қилишди», – деди Вэнс журналистларга.

«Биз бу ердан жуда оддий таклиф билан кетяпмиз, бу бизнинг ўзаро келишувга эришиш учун энг яхши ва якуний таклифимиз. Кўрамиз, эронликлар уни қабул қилармикин», – дея қўшимча қилган у.

Эрон эса музокаралардаги муваффақиятсизликни томонлар ўртасида ўзаро ишонч йўқлиги билан боғлади.

Эрон парламенти спикери, Покистондаги музокараларда Теҳрон делегациясига раҳбарлик қилган Муҳаммад-Боқир Ғолибоф АҚШ учун «эронликлар ишончини қозониш ёки йўқлигини ҳал қилиш вақти келгани»ни айтган.

Iranian Foreign Ministry / EPA / Scanpix / LETA

У X ижтимоий тармоғидаги постида музокаралардан олдин айтган гапларини эслаган: Эронда «диёнат ва ирода» бор, аммо олдинги урушлар тажрибаси туфайли унда «қарама-қарши томонга ишонч йўқ».