Россия пойтахти Москва шаҳридаги АҚШ элчихонаси хавфсизлик бўйича огоҳлантириш эълон қилди: унинг маълумотларига кўра, 31 октябрь куни «Царицино» музей-қўриқхонаси ҳудудида кўплаб қурбонларга олиб келувчи ҳодиса юз бериши мумкин.
Россия Федерал хавфсизлик хизмати (ФХХ) Америка томонидан Москвада теракт тайёрланаётгани ҳақида хабар олганини тасдиқлади.
Америкалик дипломатлар таҳдидни асосли деб баҳоламоқда. Баёнотда айтилишича, АҚШ ҳукумати жавоб чораларини Россия давлат идоралари билан мувофиқлаштирмоқда. АҚШ фуқароларига шанба куни «Царицино»га бормаслик, боғга яқинлашмаслик, одамлар гавжум жойлардан йироқ юриш ва ҳушёрликни сақлаш тавсия этилган.
ФХХ вакилларининг сўзларига кўра, маълумотлар «ҳамкорлик каналлари» орқали келиб тушган. Идора «тегишли ишлар олиб борилаётганини» маълум қилди. Россия расмийлари бошқа тафсилотларни очиқламаяпти.
АҚШ элчихонаси 2024 йил март ойида «Крокус Сити Холл»даги терактдан олдин ҳам шунга ўхшаш огоҳлантириш эълон қилганди. Ўшанда элчихона АҚШ фуқароларига 48 соат давомида оммавий йиғинларга бормасликни маслаҳат берган эди.











