АҚШ-Эрон уруши

9 ноябр куни АҚШ президенти Доналд Трамп ҳозирча Эронга янги ҳарбий зарбалар беришдан тийилишини маълум қилди. Бироқ Ҳўрмуз бўғозидаги денгиз қамали сақланиб қолади. Бу ҳақда у Reuters’га берган интервюсида ва Оқ уйдаги брифингда гапирди.

Трампнинг айтишича, у бу қарорни “Эроннинг қўшнилари илтимосига кўра” қабул қилган. У Қатар, Саудия Арабистони, БАА, Баҳрайн ва Кувайтни алоҳида тилга олди.

«Америка Қўшма Штатлари ҳозиргача яратилган энг яхши техника билан тўлиқ ўқланган ва шай турибди. Биз уни ишлатишга ҳеч қандай сабаб бўлмайди, деб ўйлаймиз», деди Трамп журналистларга.

Оқ уй раҳбари бу баёнотни Қатар бош вазири шайх Муҳаммад бин Абдураҳмон Ол Сони билан учрашувдан кейин берди. Қатар уруш бошидан бери томонлар ўртасида асосий воситачи бўлиб келмоқда. Бош вазир ўтган ҳафтада Теҳронга ҳам борганди.

Эрон хавфсизлик кенгаши раҳбари Муҳсин Ризоий эса АҚШни «хаёлий музокаралар» ҳақида сохта хабар тарқатишни тўхтатишга чақирди. Унинг сўзларига кўра, Вашингтон Эрон бир неча бор илгари сурган етти шартга бўйсуниши вақти келди.

Эроннинг урушни тугатиш бўйича таклифига кўра, АҚШ Эрон портлари қамалини ва бомбардимонларни тўхтатиши, айрим санкцияларни бекор қилиши керак. Эвазига Теҳрон Ҳўрмуз бўғозидаги қамални олиб ташлайди. Ядровий дастур бўйича музокаралар кейинроқ бошланади. Вашингтон бу режани бир неча бор рад этган.

Саккиз ойдан бери давом этаётган урушда ўзаро ҳужумлар ҳам тўхтамаяпти. Эрон давлат ОАВ хабарига кўра, 8 ноябр куни тунда АҚШ Қешм оролига зарба берди. Эрон эса Форс кўрфази ва Ҳўрмуз бўғозида танкерларга ҳужум қилишда давом этмоқда.

Ғазода кучли жала

Ғазо секторида кучли ёмғирлар кўчирилган аҳоли яшаётган ўн минглаб чодирларни сув остида қолдирди. 8 ноябр куни тунда Дайр ал-Балаҳ жанубидаги лагерда қум уюми чодирлар устига қулаб тушди. Сектор соғлиқни сақлаш идорасига кўра, уч бола ва бир аёл ҳалок бўлди, яна беш киши қутқариб олинди.

BBC хабарига кўра, оғир техника йўқлиги сабаб қутқарувчилар қурбонларни қўл билан қазиб олган. Жалада 70 мингга яқин чодирни сув босган.

UNICEF'нинг Фаластиндаги вакилига кўра, Исроил оғир техника ва мотор мойи каби юкларни киритишни чеклагани вазиятни янада оғирлаштирмоқда. «Биз ўтган йили қиш нималарга олиб келишини кўрдик. Ўтган йили гипотермиядан ўлим ҳолатлари бўлганди», деди у.