Трамп «тўлиқ ғалаба» истаяпти

АҚШ президенти Доналд Трамп сўнгги кунларда Эрон билан урушда ғалаба қозонилганини қайта-қайта такрорламоқда. 11 ноябр куни у Арлингтон миллий қабристонида Фахрийлар кунига бағишланган маросимда сўзга чиқди. Washington Post’нинг ёзишича, Трамп бу нутқида ҳарбий куч ишлатиш сиёсатини ҳимоя қилди.

«Биз ғалаба қозондик. Гап фақат [урушни] қачон тугатишни хоҳлашимизда. Биз 93 фоизлик эмас, тўлиқ ғалабага эришишни истаймиз», деди Трамп.

Оқ уй раҳбари Америка Эрон билан уруш бошламаганини, Эрон эса 1979 йилдан бери АҚШга қарши уруш олиб бораётганини айтди. Трамп, шунингдек, Эронга Америка кучлари вайрон қилган нарсаларни тиклаш учун 25 йил кераклигини айтиб, бундан ортиқ вайронагарчиликка ҳожат қолмаслигига умид билдирди.

Теҳрон эса бошқача позицияда. Эрон Олий миллий хавфсизлик кенгаши котиби Муҳсин Ризоий 11 ноябр куни «Ал-Маядин» телеканалига интервю берди. У АҚШ билан ҳеч қандай музокара олиб борилмаётганини айтди. Унинг сўзларига кўра, Эроннинг еттита шарти бажарилмагунча Ҳўрмуз бўғози ёпиқ қолади. Ризоий шунингдек, зарурат туғилса, Эрон Европадаги Америка ҳарбий базаларига ҳам зарба бериши мумкинлигидан огоҳлантирди.

Абу-Дабидаги уч томонлама музокаралар

Россия, Украина ва АҚШ делегациялари ўртасида Абу-Дабида бўлиб ўтган музокаралар 11 ноябр куни ниҳоясига етди. Америка томони «баъзи имкониятлар» кўрганини айтди, бироқ қарийб беш йилдан бери давом этаётган урушни тугатиш йўлида бирор ютуққа эришилмади.

Шу билан бирга, Москва ҳам, Киев ҳам йирик асирлар алмашинуви тайёрланаётганини тасдиқлади. Томонларга кўра, у яқин орада амалга оширилиши мумкин.

Украина делегацияси аъзоси Давид Арахамия бу раунд энг оғир музокаралардан бири бўлганини айтди. «Менимча, руслар жуда қатъий кўрсатмалар билан келишди, шу боис муҳокамани юмшатиш ўта қийин бўлди», деди у. Бироқ Арахамия ижобий силжиш борлигини айтиб, кейинги раундни имкон қадар тезроқ ўтказишга чақирди.

Россия делегацияси раҳбари Владимир Мединский эса анча кескин оҳангда гапирди. Унинг сўзларига кўра, ҳозир кўп нарса Украинага, АҚШнинг позициясига ва Европа ақлини йиғиб олиш-олмаслигига боғлиқ. Мединский Европадаги янги хавфсизлик тизими «янги Ялта ва Потсдам» бўлиши кераклигини ҳам айтди. 1945 йилги бу конференцияларда ғолиб иттифоқчилар урушдан кейинги Европани таъсир доираларига бўлиб олганди.