Россия мигрантларнинг оиласига солиқ солади
Россия меҳнат мигрантларига оила аъзоларини олиб келишни қимматлаштиряпти. Ички ишлар вазири Владимир Колоколцев 2027 йилдан мигрантлар – Россияда яшаётган, ишламайдиган оила аъзолари учун қўшимча солиқ тўлашини маълум қилди. У бу ҳақда 10 ноябр куни Федерация кенгашидаги «ҳукумат соати»да гапирди.
«2027 йилдан бошлаб мигрантлар келадиган ҳар бир оила аъзосига қўшимча солиқ солинади», деди вазир. Унинг сўзларига кўра, бу чора ижтимоий соҳадаги юкни камайтириш учун керак.
Россия ОАВ хабарига кўра, гап бир марталик йиғим ҳақида эмас, балки патент нархи оширилади. Хусусан, патент билан ишлаётган мигрант учун тўлов Россияда яшаётган ҳар бир вояга етмаган фарзанди ҳисобига 50 фоизга ошади. Фарзандни бир неча мигрант боқаётган бўлса, устама улардан фақат бирига қўлланади.
Ҳужжатга изоҳ берган ҳуқуқшуноснинг айтишича, Москвада оиласиз мигрант учун патент ҳозир ойига 10 минг рубл туради. Битта фарзанди бўлган мигрант учун эса бу 15 минг рублга чиқади.
Бундан ташқари, мигрантлар ўзи ва оила аъзоларини яшаш минимумидан кам бўлмаган даражада таъминлаши шарт бўлади. Даромад етарли бўлмаса ёки солиқ ўз вақтида тўланмаса, патент бекор қилинади. Бундай ҳолда мигрант болалари билан бирга 15 кун ичида Россияни тарк этиши керак.
Колоколцевнинг айтишича, 2025 йилдан буён мигрантларнинг ишламайдиган ва ўқимайдиган оила аъзолари сони 20 фоизга камайган. У буни асосан болаларни мактабга қабул қилишдан олдин тестдан ўтказиш талаби билан боғлади.
Ўзгаришлар Ўзбекистон фуқароларига бўлган меҳнат муҳожирларига ҳам бевосита таъсир қилади. Марказий банк маълумотига кўра, 2026 йил биринчи чорагида Россияда патент асосида 1,34 миллион ўзбекистонлик ишлаган.
Абу-Дабидаги музокаралар
Россия ва Украина ўртасидаги тинчлик музокаралари 8 ойлик танаффусдан сўнг қайта бошланди. 10 ноябр куни икки томон вакиллари АҚШ воситачилигида Абу-Дабида учрашди. Учрашув бугун ҳам давом этади.
АҚШ давлат котиби Марко Рубио учрашув жуда самарали ўтганини айтди, бироқ тафсилот бермади. Украина президенти Володимир Зеленский эса музокараларни «конструктив ва анча мазмунли» деб атади. Унинг айтишича, томонлар ҳарбий асирларни озод қилиш ва Украина учун хавфсизлик кафолатларини муҳокама қилган.
Россия ТИВ раҳбари Сергей Лавров аввал Европа хавфсизлиги тизимининг аниқ параметрларини белгилаш керак, деб ҳисоблайди. Унинг фикрича, Россия-Украина можаросини шундан кейингина ҳал қилиш мумкин. Россия ташқи ишлар вазири ўринбосари эса учрашувга баҳо беришга ҳали эрта эканини айтди.












