Болгария жануби-шарқида, Ямбол областининг Зимница қишлоғи яқинида қуюқ туман туфайли ўнлаб автомобиллар иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси рўй берди. Авария оқибатида 12 киши ҳалок бўлиб, 50 га яқин киши жароҳат олган.

Соғлиқни сақлаш вазири Катя Ивкованинг сўзларига кўра, 11 киши воқеа жойида ҳалок бўлган, яна бир жабрланувчи касалхонада вафот этган.

Бу мамлакатда сўнгги йилларда рўй берган энг ажалвор йўл-транспорт ҳодисасига айланди.

ЙТҲ 10 ноябр куни тонгида «Фракия» трассасида содир бўлди. Associated Press агентлиги маълумотига кўра, тўқнашувда 86 та транспорт воситаси иштирок этган, улар орасида кўплаб юк машиналари ҳам бор.

Дастлабки маълумотларга кўра, йирик аварияга туман туфайли кўриниш ёмонлашгани ва бундай шароит учун жуда юқори тезлик сабаб бўлган. Болгария ички ишлар вазирлиги бош котиби Любомир Николов маълум қилишича, биринчи тўқнашув Бургас шаҳри йўналишидаги йўлакда юз берган, у ерда юк машинаси автобус йўлини тўсиб қўйган.

Кейинчалик унинг ортидан буғдой ташувчи юк машинаси ЙТҲга учраган, сўнгра мазкур юк машинаси ортидан енгил автомобил келиб урилган.

Гувоҳларнинг сўзларига кўра, йўлда кўриниш масофаси тахминан 70−80 метрни ташкил этган, бироқ ЙТҲ жойида кўриш масофаси бирданига 10 метргача тушиб кетган.

Иккинчи ЙТҲ София шаҳри томон ҳаракатланиш йўлагида юз берган бўлиб, унга ҳам катта эҳтимол билан туман сабаб бўлган. Бундан ташқари, ҳайдовчиларнинг эътиборини биринчи авария чалғитган бўлиши ҳам мумкин.