Жанубий Корея миллий жамоаси 2026 йилги жаҳон чемпионатини тарк этиши катта можарога сабаб бўлди. Жамоа бош мураббийи Хон Мен Бо истеъфос берди ва фанатлардан узр сўради. Аммо халқ ғазабидан қочиб қутула олмади: уни президент Ли Жэ Мен ҳам танқид қилди, телевидениеда унинг юзини «блюр» қилди, маҳаллий тадбиркорлар эса унинг ўз дўконлари ва ресторанларига киришини тақиқлади.
«Воқеа тафсилотларини синчиклаб текширишни сўрайман»
57 ёшли мутахассис учун бу Жанубий Корея миллий жамоаси бошқарувидаги биринчи жаҳон чемпионати эмасди. У 2014 йил Бразилияда ўтказилган мундиалда ҳам жамоани бошқарганди: ўшанда унинг шогирдлари Белгия, Жазоир ва Россия билан бир гуруҳда сўнгги ўринда қолиб кетган.
Хон Мен Бони ўшанда ҳам аёвсиз танқид қилишган, мухлислар аэропортдаёқ ўз эътирозларини унинг ўзига билдиришганди. Ўн йил ўтиб у қайтди, аммо бу сафар ҳам ўхшамади.
Ҳолбуки Жанубий Корея турнирни жуда яхши бошлаган, Чехия устидан иродали ғалабага эришганди (2:1). Бундай муваффақиятли стартдан кейин Мексика ва ЖАРга қарши икки ўйинда ҳам мағлубиятни деярли ҳеч ким тасаввур қилмаётганди. Аммо жамоа бу икки ўйинда ҳам яхши ўйнаганига қарамай, бир хил 0:1 ҳисобларида ютқазди ва жаҳон чемпионатини тарк этди.
Бундай натижа учун Хон Мен Бони корейслар кечира олишмади. Матбуот анжуманида у жамоа бошқарувидан кетиши ҳақида олдиндан тайёрлаб қўйилган матнни ўқиб берди.
«Корея футболини севадиган ва миллий жамоани қўллаб-қувватлайдиган мухлисларимиздан узр сўрайман. Биз кутилган натижаларга эриша олмадик ва бунинг учун барча масъулият фақат менинг зиммамда», – дея унинг сўзларини келтиради Yonhap нашри.
Аммо мураббий учун шу билан мавзу ёпилмади. Уни барча кулфатлар учун айбдор деб топишди – ва ЖАР билан ўйиннинг бошланғич таркибига жамоа сардори Сон Ҳеунг Минни киритмаганини эсга олишди: юлдузли футболчи фақат иккинчи бўлим давомида майдонга туширилганди.
Журналист Нуэл Ланзоннинг ёзишича, Хон Мен Бо хавфсизлик нуқтайи назаридан Жанубий Кореяга жамоадан алоҳида ҳолда қайтган. Ҳеч ким 2014 йилги таҳқирли акция такрорланишини хоҳламаган: ўшанда жамоани кутиб олиш вақтида мухлислар мураббийлар штаби вакиллари ҳамда футболчиларга қарата ширинликлар ва бошқа буюмларни улоқтиришганди.
Маҳаллий ТВда эса аллақачон бош мураббийнинг юзи худди жиноятчиларники каби «блюр» қилинмоқда, дўконлар ва ресторанларда эса «Хон Мен Бо кириши тақиқланади» ёзувли табличкалар пайдо бўлган.


















