Португалия миллий жамоаси ҳужумчиси ва сардори Криштиану Роналду миллий жамоадаги вазият юзасидан баёнот берди. Унинг фикрича, Португалия терма жамоаси бош мураббийи Жорже Жезуш берган ваъдалари устидан чиқмаган.
Маълумот учун, 41 ёшли футболчи бош мураббий уни 27 сентябрда Норвегияга қарши ўтказилган Миллатлар лигаси учрашувида майдонга туширмаганидан кейин терма жамоа йиғинини тарк этганди. Шундан сўнг ҳужумчи миллий жамоада бошқа ўйнамасликка қарор қилгани ҳақида хабарлар тарқалган.
«Норвегиядаги ўйин куни тушлик пайтида мураббий ёрдамчиси жамоа овқатланаётган столга келиб, бош мураббий мен билан гаплашмоқчи эканини айтди.
Мураббийнинг 30 дақиқа ўйнашга тайёрлигимни сўраши мен учун умуман кутилмаган ҳолат бўлди. Мен бор эътиборимни жисмоний тикланишга қаратгандим, одатдагидек жамоадошларим билан мулоқотда эдим ва ўша куни майдонга тушмайман, деб ўйлагандим. Бунга ҳеч қандай эътирозим йўқ эди.
Бу илтимос тикланиш ва машғулот режамга кирмаган эди. Чунки фақат 4-санада «Драгау» стадионида ўйнашни режалаштирган эдим. Лекин, албатта, рози бўлдим. У менга тайёр туришимни, чунки 30 дақиқа ўйнашимни айтди. Қолганини ҳамма билади. Танаффусдан кейин чигал ёзиш машқларини бажардим. Дақиқалар ўтиб борар, аммо мени ҳеч ким чақирмасди.
Мураббий менга берган ваъдасини бузди.
Ўйин охирида фақат жамоамиз ғалаба қозонишини ва ёлғиз қолишни хоҳладим. Мухлислар олдига бориб, улар билан саломлашмадим. Бу хатога фақатгина ўзим жавобгарман. Бундай қилмаслигим керак эди. Бизни жонкуярлик билан қўллаб-қувватлаган португалияликлардан, мухлислардан, шунингдек, португалиялик бўлмаса ҳам, эҳтимол, мени кўриш учун келган ва балки мен кўнглини қолдирган инсонлардан узр сўрайман.
Орадан 48 соат ўтгач, мен, мураббий ва Симау Коутиню («Ан-Наср» спорт директори) ўртасида суҳбат бўлди. Чунки августдаги суҳбатларимизда ҳам айнан у қатнашган эди. Бу жиддий ва жуда очиқ суҳбат бўлди. Ҳеч нарсани яширмай гаплашдик.
Вазиятга нуқта қўйишнинг ягона йўли борлигига келишдик: мураббий Симау Коутинью иштирокида менга айтган гапларини матбуот анжуманида ҳам такрорлаши керак эди.
Келишув оддий эди. Мураббий матбуот анжуманини шу мавзудан бошлаб, ҳақиқатни айтиш орқали масалани ёпишга ҳаракат қилиши лозим эди.
У мен ҳеч қачон ҳатто бир неча дақиқага бўлса ҳам майдонга туширишни сўрамаганимни, йиғиндаги иштироким бўйича режани бошқа биров эмас, айнан ўзи таклиф қилганини айтиши керак эди. Шунингдек, агар охир-оқибат мени майдонга туширмоқчи бўлмаган бўлса, чигал ёзиш машқларига чиқаргани хато бўлганини тан олиши лозим эди. Яна худди шундан ҳолат бўлганида, бундай қилмаслигини ҳам айтиши керак эди.

















