Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“Ташаббусли бюджет”нинг янги мавсуми бошланди
Фаол ватандошлар маҳаллий бюджетдан маблағ ажратиш бўйича ўз таклифларини яна Openbudget.uz порталида қолдириши мумкин – “Ташаббусли бюджет” доирасида жорий йил 2-мавсуми бошланди. Мавсум бюджети 2,2 трлн сўмга тенг. Аввалги иккита мавсумда кетма-кет ғолиб бўлган 1122 та маҳалла бу гал ташаббус кирита олмайди, улар қўшни маҳаллаларни қўллаб-қувватлаши ёки шериклик механизмидан фойдаланиши мумкин.
Бугун, 15 июлдан “Ташаббусли бюджет” жараёнининг 2026 йилги иккинчи мавсуми лойиҳа киритиш босқичи бошланди.
Ташаббускор ватандошлар 3 августгача ўз лойиҳаларини Openbudget.uz порталида илгари суришлари мумкин.
Жорий мавсум учун ажратилган бюджет – 2 триллион 187,7 млрд сўм.
Ўрнатилган тартибга кўра, лойиҳани амалга оширишнинг умумий қиймати қурилиш-таъмирлаш лойиҳалари бўйича базавий ҳисоблаш миқдорининг тўрт минг баравари (1 млрд 648 млн сўм), жиҳозлаш лойиҳалари бўйича икки минг баробаридан (824 млн сўм) ошмаслиги лозим.
Шериклик асосида амалга ошириладиган лойиҳалар ҳам 3 августгача қабул қилинади. Бунда кейинчалик лойиҳа учун зарур маблағнинг 50 фоизи тўпланган тақдирда, лойиҳа овоз бериш босқичига ўтказилмасдан автоматик ғолиб деб топилади ва қолган 50 фоиз маблағ маҳаллий бюджетдан молиялаштирилади.
Анъанавий овоз бериш босқичи якунларига кўра, ғолиб лойиҳалар 1 сентябр – Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 35 йиллиги байрами куни эълон қилинади.
Мингдан ортиқ маҳаллада танаффус
Жорий мавсумда 1122 та маҳалла танаффус олади, яъни лойиҳа кирита олмайди, чунки улар аввалги иккита мавсумда кетма-кет ғолиб бўлишган.
Лойиҳа киритиш имконияти чекланган маҳаллалар рўйхати билан ушбу ҳаволада танишиш мумкин.
Танаффусга тушган маҳаллаларда шерикчилик асосида лойиҳаларни илгари суриш имконияти мавжуд.
Порталда янгиланиш
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги new.openbudget.uz манзилида “Очиқ бюджет” порталининг янги талқини ишга туширилгани ҳам хабар қилди.
Порталнинг ташқи кўриниши ва фойдаланувчи интерфейси янгиланиб, ундан фойдаланиш қулайроқ ва соддароқ шаклга келтирилган.
“Эндиликда фойдаланувчилар порталда керакли бўлимларни тезроқ топиб, давлат бюджети бўйича очиқ маълумотлар билан танишиши, “Ташаббусли бюджет” жараёнларида иштирок этиши, лойиҳалар ижросини кузатиши ҳамда портал имкониятларидан янада самарали фойдаланиши мумкин”, – дейилади вазирлик хабарида.
Мавзуга оид
11:08 / 07.07.2026
«Ташаббусли бюджет»нинг 11-мавсуми 15 июлдан старт олади
17:35 / 30.06.2026
Депутатларга «Ташаббусли бюджет» лойиҳалари бўйича янги имкониятлар берилди
12:23 / 27.06.2026
Ўзбекистонда 425 та ташкилот жамоат аҳамиятига молик деб топилди
11:10 / 21.03.2026