Ўзбекистон президенти тадбиркорлар билан очиқ мулоқотида белгиланган вазифаларни амалга ошириш тўғрисида фармон имзолади.
Фармонга асосан, тадбиркорларга қуйидаги солиқ енгилликлари берилиши кутилмоқда:
бозор ва савдо комплексларида хизмат кўрсатишдан олинган фойда учун фойда солиғи ставкаси амалдаги 20 фоиздан 15 фоизга туширилади;
янги ташкил этилган қишлоқ хўжалиги корхоналари бевосита қишлоқ хўжалигида фойдаланиладиган объектлар бўйича жорий солиқ даврида мол-мулк солиғидан озод қилинади;
оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотларини очган якка тартибдаги тадбиркорлар мазкур боғчалар фаолиятида фойдаланиладиган ҳамда ушбу якка тартибдаги тадбиркорлар эгалигида бўлган нотурар бино ва ер участкалари бўйича мол-мулк солиғи ҳамда ер солиғидан озод қилинади;
жиноят-процессуал кодексига солиқ маслаҳатчилари солиқ тўловчининг вакили сифатида қатнашиши мумкинлиги билан боғлиқ ўзгартиришлар киритилади;
юридик шахснинг жисмоний шахс бўлган таъсисчиси томонидан ушбу юридик шахсга ижарага ёки текин фойдаланишга берилган кўчмас мулк объектларига нисбатан ижара тўловининг энг кам миқдори қўлланмайди.
Юқоридагиларни ўз ичига олган қонун лойиҳаси 2026 йил декабр ойида тайёр бўлиши керак.










