Экспорт 12,6 млрд доллардан ошди
Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2026 йилнинг январ-май ойларида Ўзбекистоннинг экспорт ҳажми 12,6 миллиард АҚШ долларини ташкил этди. Экспорт таркибида хизматлар соҳаси 4,6 миллиард доллар билан энг катта улушни эгаллаб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан қарийб 35 фоизга ўсган.
Шунингдек, саноат товарлари экспорти 1,9 миллиард долларга, турли тайёр маҳсулотлар экспорти эса 1,1 миллиард долларга етди. Кимёвий маҳсулотлар, озиқ-овқат, машина ва транспорт ускуналари экспортида ҳам сезиларли ўсиш қайд этилди.
Бироқ ҳисобот даврида «бошқа товарлар» тоифаси бўйича экспорт ҳажми 1,5 миллиард долларга тушиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 76 фоиздан ортиқ камайган. Бу умумий экспорт таркибидаги энг катта пасайиш бўлди.
Эрон виза тартибини соддалаштиришни таклиф қилди
Халқаро ҳамкорликка оид яна бир янгилик.Ўзбекистон Туризм қўмитаси раиси Абдулазиз Оққулов ва Эроннинг Ўзбекистондаги элчиси Муҳаммадали Искандарий учрашувида туризм соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Учрашувда Эрон томони ўз фуқаролари учун Ўзбекистонга киришдаги виза тартибини соддалаштириш таклифини билдирди.
Томонлар туристлар оқимини ошириш, мамлакатларнинг туризм салоҳиятини ўзаро тарғиб қилиш, тўғридан тўғри авиақатновлар сонини кўпайтириш ҳамда тиббий туризм соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш масалалари юзасидан фикр алмашди.
Шунингдек, Ўзбекистоннинг туризм имкониятларини Эрон бозорида кенг тарғиб қилиш ва икки мамлакатнинг тарихий-маданий мероси асосида сайёҳлар алмашинувини кенгайтириш бўйича ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олинди.
Паррандачилик учун имтиёзли кредитлар ажратилади
Президент қарори билан Ўзбекистонда паррандачилик соҳасини қўллаб-қувватлашнинг янги механизми жорий этилди. Унга кўра, 2026 йил 1 сентябрдан бошлаб паррандачилик хўжаликлари, парранда омухта еми ишлаб чиқарувчилар ҳамда «тайёр бизнес» лойиҳаларига йиллик 10 фоиз ставкада имтиёзли кредитлар ажратилади.
Кредитлар Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси маблағлари ҳисобидан «Микрокредитбанк» орқали берилади. Улар 10 йилгача муддатга, 4 йиллик имтиёзли давр билан ажратилади. Мазкур шартлар фақат 2026 йил 1 сентябрдан кейин расмийлаштириладиган янги кредит шартномаларига нисбатан қўлланади.
Шунингдек, 1 августдан бошлаб паррандачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича янги қувватларни ишга тушириш ва «тайёр бизнес» лойиҳаларини молиялаштиришда ҳам ушбу имтиёзли кредит механизми амал қилади.
Жазирамада ишлатилган ходимлар учун раҳбар жаримага тортилди
Давлат меҳнат инспекцияси Тошкент шаҳри Яккасарой тумани Ободонлаштириш бошқармасида меҳнатни муҳофаза қилиш талаблари бузилганини аниқлади. Текширув ижтимоий тармоқларда тарқалган, жазирама иссиқда ходимлар кўча тозалаш ишларига жалб этилгани акс этган видео ортидан ўтказилди.
Ўрганиш давомида ходимларга белгиланган тартибда қулай меҳнат шароитлари яратилмагани тасдиқланган. Шу муносабат билан Ободонлаштириш бошқармаси бошлиғига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддаси асосида маъмурий жарима қўлланди.
Қонунчиликка мувофиқ, меҳнатни муҳофаза қилиш талабларини бузган мансабдор шахслар 5 БҲМдан 10 БҲМгача миқдорда жаримага тортилиши мумкин.
Музейда 500 дан ортиқ экспонат йўқолган
Республика музейлари фондларида сақланаётган музей ашёлари ва коллекцияларини хатловдан ўтказиш жараёнида икки музейда 500 дан ортиқ экспонатнинг мавжуд эмаслиги аниқланди.
Хусусан, «Қўқон» давлат музей-қўриқхонаси ва унинг филиаллари, жумладан, Ғафур Ғулом номидаги Қўқон адабиёт музейида қарийб 500 та, Сирдарё вилояти тарихи ва маданияти давлат музейида эса фонд ҳисобида турган 16 та экспонат жойида йўқлиги қайд этилди.
Аниқланган ҳолатлар юзасидан ҳуқуқий баҳо бериш ва тегишли чоралар кўриш учун ҳужжатлар прокуратура органларига юборилди.
Кореяга ишга юборишни ваъда қилганлар ушланди
Тошкент шаҳрида Кореяга ишга жўнатиш ва доимий яшаш гувоҳномасини расмийлаштириб беришни ваъда қилган икки нафар шахс фирибгарликда гумон қилиниб қўлга олинди. Тезкор тадбир давомида улар келишилган маблағнинг 25 минг АҚШ долларини олган вақтида ушланган.
Тергов материалларига кўра, гумонланувчилар фуқарони 55 минг доллар эвазига гўёки юқори лавозимларда ишловчи танишлари орқали Жанубий Кореяга ишга жўнатиш ва у ерда доимий яшаш учун рухсатнома расмийлаштириб беришга ишонтирган.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда ушбу иш бўйича тергов ҳаракатлари давом этмоқда.










