Володимир Зеленский генерал Михаил Драпатийни Украина қуролли кучларининг янги бош қўмондони этиб тайинлади. У бу лавозимда сиёсий инқироз фонида истеъфога чиқарилган генерал Олександр Сирскийни алмаштирди: аввалроқ мудофаа вазири, ўтган ҳафта истеъфога чиқарилган Михаил Федоров Сирскийни интрига қилишда ва армиядаги ислоҳотларга тўсқинлик қилишда айблаганди. Киев ва Украинанинг бошқа йирик шаҳарларида Федоров ҳимояси учун намойишлар ўтказилди – норозилик акциялари иштирокчилари Украина қуролли кучлари бош қўмондони Сирскийнинг истеъфосини ҳам талаб қилишди. Украиналик журналист Константин Скоркин Михаил Драпатий ҳақида нималар маълум экани ва унинг бу лавозимга тайинланиши – шунчаки Федоровнинг истеъфосига қарши чиққанлар учун ён бериш эмаслиги ҳақида ҳикоя қилди.

Зеленский 21 июл куни генерал Олександр Сирскийни истеъфога чиқаргани ҳақидаги баёнотида унга қилган хизматлари учун миннатдорчилик билдирди. Ва унинг ўрнига келадиган янги бош қўмондон, Михаил Драпатий билан Украина қуролли кучларининг келгусидаги устувор йўналишларини белгилаб олганини айтди.

Улар орасида Россиянинг фронторти ҳудудларига зарбалар, Украина осмонини Россия қуролли кучлари ҳужумлари учун ёпиш ва сафарбарлик механизмларини такомиллаштириш кабилар бор.

Сўнгги кунларда Зеленский армия қўмондонлиги вакиллари билан учрашиб, бош қўмондонлик учун номзодларни саралади. Бирлашган кучлар қўмондони лавозимида ишлаб келган генерал Драпатий энг эҳтимолий номзодлар қаторида эди.

2014 йилда Михаил Драпатий майор сифатида Донбассда жанг қилган. 2022 йилга келиб у аллақачон бригада генералига айланганди

43 ёшли Михаил Драпатий украин ҳарбийларининг янги авлодига мансуб – улар совет қуролли кучларида хизмат тажрибасига эга эмас ва карьерасини мустақил Украина армиясида бошлаган. Драпатий мамлакатнинг замонавий тарихидаги энг ёш бош қўмондон бўлади. Унгача бундай мақом 48 ёшида ушбу лавозимни эгаллаган Валерий Залужнийда эди.

Михаил Драпатий 1982 йилда Украина ғарбида, Хмелницкая областининг Каменец-Подолский шаҳрида туғилган. 2004 йил Харкив танк қўшинлари институтини тамомлагач, ҳарбий фаолиятини лейтенант унвонида Киев областининг Белая Церков шаҳридаги 72-алоҳида механизациялашган бригадада бошлаган.

2014 йил баҳорида Донбассда айирмачилик ҳаракати бошланганида 72-бригада Мариупол атрофига ташланганди. Драпатий бу вақтда майор унвонида бригаданинг 2-баталёни командири эди. Ўзини ўзи эълон қилган ДХР тарафдори бўлган отрядлар ушбу шаҳарни эгаллаб олганди ва 2014 йил 9 май куни майор Михаил Драпатий раҳбарлигидаги баталёнга айирмачилар қўлига ўтган полиция маҳкамасини қайтариб олиш амалиётига кўмаклашиш бўйича топшириқ берилади.