Президент 2030 йилгача 1,5 минг раҳбар кадр захирасини шакллантиришни буюрди, улар сунъий интеллект ёрдамида тайёрланади. 1 октябрдан ўз номидаги SIM-карта ва банк карталари ҳақида маълумот олиш мумкин бўлади. Паспорт ёки ID-картани йўқотганлик учун жарима бекор қилиниши мумкин. Аномал иссиқ даври чўзилиши кутилмоқда. Қурилиши тугалланмаган уйларга кўчиб кириш тақиқланади. Куннинг муҳим янгиликлари билан таништирамиз.

Президент 2030 йилгача 1,5 минг раҳбар кадр захирасини шакллантиришни буюрди

Шавкат Мирзиёев иқтидорли бошқарувчилар ва янги авлод раҳбарларини тайёрлаш чора-тадбирлари бўйича тақдимот билан танишди.

Тақдимотда сунъий интеллект ёрдамида 50 дан ортиқ замонавий касб бўйича раҳбар кадрларга эҳтиёж аниқлангани маълум қилинди. Энергетика, «яшил» технологиялар, қурилиш, қишлоқ ва сув хўжалиги, рақамлаштириш ҳамда хизмат кўрсатиш соҳаларида малакали мутахассисларга талаб юқори экани қайд этилди.

Янги тизимга кўра, номзодлар 100 баллик мезон асосида рақамли технологиялар орқали баҳоланади. Улар учун сунъий интеллект ёрдамида индивидуал ривожланиш режалари ишлаб чиқилади. Ҳар икки йилда 500 нафар истиқболли бошқарувчи сараланиб, 2030 йилга қадар 1,5 минг нафар юқори салоҳиятли мутахассисдан иборат миллий раҳбар кадрлар захираси шакллантирилади.

Шунингдек, раҳбарлик лавозимлари учун «ТОП-100» очиқ танлови йўлга қўйилади. Ғолиблар махсус ўқув дастурларида тайёрланиб, миллий кадрлар захирасига киритилади.

1 октябрдан ўз номидаги SIM-карта ва банк карталари ҳақида маълумот олиш мумкин бўлади

Президент қарорига кўра, 2026 йил 1 октябрдан Ягона интерактив давлат хизматлари порталида (Ягона портал) янги хизматлар жорий этилади.

Жумладан, фуқароларнинг ўз номига расмийлаштирилган ва фойдаланилаётган телефон рақамлари ва банк карталари тўғрисида маълумот олиш ва ушбу жараённи бошқариш имкониятлари яратилади. Бунда телефон рақамини муайян муддатга нофаол ҳолатга ўтказиш ва ўзи фойдаланмаётган телефон рақамларига хизмат кўрсатишни тўхтатиш, телефон рақами уланган пулли хизматлар ҳақида маълумот олиш, банк карталарини блоклаш (ёпиш) ҳақида эмитентга аризалар юбориш мумкин.