Ички ишлар вазирлиги миграция ва персоналлаштириш соҳасидаги давлат хизматларини кўрсатишда шахсни масофадан туриб аниқлаш ва розилигини олиш имконини берувчи платформани ишга туширишни режалаштирмоқда. Бу ҳақдаги қонун лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.

Лойиҳага кўра, 2026 йил 1 августдан бошлаб миграция ва персоналлаштириш соҳасида бошқа шахснинг розилиги талаб этиладиган давлат хизматларини кўрсатишда уларнинг шахсини «Pasport-viza» автоматлаштирилган ахборот тизими мажмуасининг Face ID ёки MyID тизимлари орқали масофадан туриб аниқлаш ва розилигини олиш имконини берувчи «E-Rozilik» платформаси ишга туширилади.

Платформа орқали қуйидаги давлат хизматлари учун электрон розиликни расмийлаштириш мумкин бўлади: вояга етмаганларга хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштириш, 15–18 ёшдаги шахсларнинг мустақил равишда чет элга чиқиши, 16 ёшга тўлмаганларга ID карта олиш, яшаш ва турган жой бўйича рўйхатга қўйиш ёки рўйхатдан чиқариш, хорижга доимий яшаш учун чиқиш, чет эл фуқароларини вақтинча рўйхатга қўйиш ҳамда қонунчиликда назарда тутилган бошқа ҳолатлар.

Платформада қайд этилган розилик Ўзбекистон ҳудудида қоғоз шаклидаги розиликка тенглаштирилади.

Электрон розиликни мобил илова орқали расмийлаштириш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 фоизи, миграция ва персоналлаштириш бўлинмаларига шахсан мурожаат қилганда эса 30 фоизи миқдорида йиғим ундирилади.

Розилик берувчи уни давлат хизмати кўрсатилгунига қадар исталган вақтда бекор қилиши мумкин, бироқ тўланган йиғим қайтарилмайди. Электрон розиликнинг амал қилиш муддати бир ойгача этиб белгиланмоқда.