Тошкент шаҳрида очилганига бир неча ой бўлган автосалон Хитойдан осон шартларда машина келтириб бериш ваъдаси билан ўнлаб одамни чув туширди: улар автофирибгарлар экани маълум бўлди. Kun.uz ҳолатни ўрганди.
Эълондан “автосалон”га йўл
Тошкент шаҳрида яшовчи Камолиддин Набиев агар қулай шартларда вариант чиқса, BYD E2 машинасини харид қилмоқчи эди. Olx’даги эълонлардан бири унинг эътиборини тортди - айни шу русумдаги машина бўлиб тўлаш шартида таклиф этилганди.
“Telegram орқали локация ташлаб беришди, бордим. Беш-олти қиз ишлаётган эди, илиқ кутиб олишди. Кейин менга Самандар исмли боланинг телефон рақамини беришди. Гаплашдим. Орадан 10-15 дақиқа ўтиб, у келди. Ҳаммасини тушунтирди, машина ва шартлар менга маъқул келди.
Машина Хитойдан 25-30 кунда келади, дейишди. Мен нега уларда арзонлигини сўрадим. Фирма бўлганимиз учун шунақа деб жавоб қилишди. Бошланғич тўлов сифатида 4200 доллар тўладим, Самандар санаб олди. Кейин шартнома тузилди.
Самандардан ким бўлиб ишлашини сўраганимда иш юритувчиман деди. Орадан вақт ўтди. 25 кундан сўнг ҳам менга VIN-код жўнатишмади. Telegram орқали алоқага чиқдим. Менга ҳар хил телефон рақамлари ташлаб беришди.
Халилуллоҳ дегани билан боғландим. У қайси туманга тўлов қилгансиз, деб сўради. Яккасаройга дедим. Сизга тез орада алоқага чиқишади, деди, аммо ҳеч ким алоқага чиқмади. Шундан кейин билдим улар фирибгар эканини”, дейди Камолиддин Набиев.

Автосалон ходимларининг машинани Хитойдан келтириб бериш ваъдаси ҳамда бошланғич тўловдан ташқари пулини бўлиб тўлаш шарти Камолиддин Набиевга маъқул келганди. Чунки, бундай таклиф бошқа расмий автосалонларда учрамайди. Шу сабабли, у мазкур автосалонни машина харид қилиш истагида бўлган синглисига ҳам тавсия қилган.
Сингил шундай дейди:
“Drive avenue” ҳақида акамдан эшитдим. Акам зўр таклифлар бўляпти, ишончли экан, ойлик тўловлари ҳам яхши, суриштирдим, деди. Биз ҳам бориб тўлов қилдик. 6200 доллар тўладик, BYD учун. Ойлик тўлови 5,1 млн сўм, акангизники билан бирга келади, дейишди. Кейин алданганимизни билдик”.

Афсуски, ушбу автосалонга чув тушган фақат шу ака-сингил эмас. Хитойдан олиб келиб берамиз, деган қуруқ ваъдага ишониб, 9-10 минг доллар пулини уларга тутқазганлар талайгина.
Жумладан, Тошкент шаҳрида яшовчи Абзал Зуҳуров ҳам Olx’даги эълон орқали “Drive avenue” автосалонига бориб, шартнома имзолаган ҳамда бошланғич тўлов сифатида 9 минг доллар тўлаган.

“Умри қисқа” автосалон
Мижозлар билан шартномалар “Drive avenue” МЧЖ номидан тузилган. Очиқ манбаларга кўра, “Drive avenue” МЧЖ 2022 йил 11 апрел куни давлат рўйхатидан ўтказилган. Таъсисчиси Юсупов Халилилло Хайрулло ўғли.

Буни кўрганлар “Мана, давлат рўйхатидан ўтказилганига қарийб 5 йил бўлибди, ёпилиб кетмабди-ку”, дейиши мумкин. Аслида, бу ҳам мижозларни чалғитиш учун қилинган хийла. Негаки, “Drive avenue” МЧЖ “Dynamics Ma” МЧЖни қайта рўйхатдан ўтказиш орқали ташкил этилган. Қайта давлат рўйхатидан ўтказиш 2026 йил 24 август куни амалга оширилган.


Камолиддин Набиев автосалонга боргач, таклифни эшитган ва ўйлаб кўриш учун кетган. У бир неча кундан сўнг қайтиб бориб, 2026 йил 24 август куни шартнома тузган. Бу сана шартномада ҳам кўрсатилган.

Бу “Drive avenue” МЧЖ қайта давлат рўйхатидан ўтказилган кунга тўғри келади.
“Шолғом” раҳбар
Алданганини билган Камолиддин Набиев “Drive avenue” МЧЖ таъсисчиси Халилилло Юсуповни сиқувга ола бошлаган.

Шунда Халилилло Юсупов МЧЖга номигагина раҳбар эканини, аслида бу ишлар ортида бошқа шахс турганини айтган.
Мурожаатчилар “Drive avenue” МЧЖни норасмий равишда Бекзод Бахтимуродов бошқарганини айтишмоқда. Kun.uz’да Халилилло Юсупов ўз раҳбари сифатида Бекзод Бахтимуродов билан гаплашгани акс этган видеолавҳа ҳам мавжуд.

Бекзод Бахтимуродов исми Kun.uz орқали жамоатчиликка бироз таниш. Чунки, таҳририят бир йил аввал Хитойдан машина келтириб бериш ваъдасида бир нечта ватандошни чув туширган “Global avto kredit” МЧЖ ҳақида суриштирув эълон қилганди. Бекзод Бахтимуродов ана шу МЧЖнинг таъсисчиси ва раҳбари ҳисобланади.
“Global avto” иши бўйича 2025 йил 12 ноябр куни Бекзод Бахтимуродов ва бошқаларга нисбатан жиноят иши қўзғатилганди. Буни Kun.uz’га Ички ишлар вазирининг матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов ҳам тасдиқлаган.
Мазкур жиноят ишининг кейинги тақдири бўйича Шоҳрух Ғиёсовга сўров киритдик. Унинг айтишича, ҳозирда Бекзод Бахтимуродовга нисбатан Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан жуда кўп миқдорда фирибгарлик билан жиноят иши қўзғатилган. Унга қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган.
Шоҳрух Ғиёсов Бекзод Бахтимуродов қачон қамоққа олингани ҳақидаги сўровимизни жавобсиз қолдирди.

Ҳар шартномага $100
“Drive avenue” МЧЖда фаолият юритган менежерлар мижозлар билан тузилган ҳар битта шартнома учун 100 доллардан пул олган. Таҳририятда Халилилло Юсуповнинг автосалонда ишлаган ходим билан суҳбати ёзиб олинган аудио мавжуд.
Унда автосалон ходими тузилган ҳар бир шартнома учун 100 доллар пул олиб келганини, аммо кейинги пайтларда бу пул берилмаётганини билдирган. Халилилло Юсупов эса бу ишлар ортида Бекзод Бахтимуродов турганини маълум қилган.
Kun.uz Халилилло Юсупов билан бир неча бор боғланишга ҳаракат қилди. Бироқ бунинг имкони бўлмади.
Ҳозирда “Drive avenue” МЧЖга алданганлар ҳолат юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилган.
Пойтахт ИИББ нима дейди?
Kun.uz ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида Тошкент шаҳар ИИББ матбуот хизмати билан учрашди.
Бош бошқарма матбуот хизмати раҳбари Нилуфар Мадиеванинг маълум қилишича, Бекзод Бахтимуродов ва Азиз Рахимжоновга ЖИБ Миробод туман судининг 2026 йил 24 сентябрдаги ажрими билан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган. 15 октябр ҳолатига жиноят иши доирасида етказилган зарар 10 млрд 902 млн сўмни ташкил қилмоқда. Шунинг 5 млрд 207 млн сўм қисми қопланган.
Маълум бўлишича, ҳозирга қадар “Jas auto motors”, “Jas auto motors”, “Auto villace”, “Next avtocity” ҳамда “Global avto kredit” МЧЖлар бўйича қўзғатилган жиноят ишлари бирлаштирилган. Чунки, ушбу МЧЖларга Бекзод Бахтимуродовнинг алоқадорлиги аниқланган. Суриштирувда тилга олинган “Drive avenue” МЧЖ эса навбатдаги ҳолат.
Эътиборлиси, ҳозирда иши бирлаштирилган МЧЖларнинг 3 таси (“Drive avenue” МЧЖ ҳам) Бекзод Бахтимуродовга жиноят иши қўзғатилган ва у очиқда қолдирилган 2025 йил ноябридан кейин қайта давлат рўйхатидан ўтказилган.



Бу Бекзод Бахтимуродов очиқда қолганидан фойдаланиб, одамларни чув туширишда давом этганини кўрсатади.
2025 йил ноябрида қўзғатилган жиноят иши тергови нега ҳозирга қадар тугамаган? Буни пойтахт ИИББ матбуот хизмати раҳбари шундай изоҳлади:
“Жиноят иши доирасида шахснинг айбини исботлаш мақсадида ҳужжатли тафтиш тайинланган, жабрланувчилар сўроқ қилинган, юзлаштириш тергов ҳаракатлари ва бошқа зарур тергов ҳаракатлари ўтказилган. Иш ҳажми кўп бўлгани учун тергов тўлиқлиги таъминланиши зарур бўлган. Тергов жараёнида янги ҳолатлар аниқланганлиги сабабли ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда”.
Президент Тошпўлатовга топшириқ берганди
2026 йил январ ойида президент раислигида ўтказилган йиғилишда жиноий тўдалар фаолияти танқид қилинганди.
“Илгари фақат “кўча” деб билган уюшган жиноятчилик бугун бизнес ниқоби остида анча даромадли соҳаларга кириб боряпти. Айниқса, жиноий тўдалар фаолияти кўп қаватли уйлар, автомашиналар олди-сотдиси, молиявий пирамидалар ташкил қилишда анча кўпайган.
Шаҳарда квартира сотиш масаласида 3 000 дан зиёд фуқарога 1,3 трлн сўм зарар етказилган. Мисол учун, “Credit House”, “Infin Story Invest” қурилиш корхоналари квартира сотиш важи билан 2000 нафар фуқарони алдаб, 490 млрд сўм пулларини ўзлаштирган.
Ёки “Umid Avtolizing”, “Halol Avtolizing” компанияси каби фирмалар жами 1800 нафар фуқарога автомашина етказиб беришни ваъда қилиб, уларнинг 80 млрд сўмини қўлга киритган. Бу ҳам ҳақиқат, бу ҳам Ўзбекистонда бўляпти. Лекин ҳеч ким бонг урмайди.
Жаҳонгир Хатамов,Тошпўлатов бундай уюшган жиноий гуруҳлар фаолиятига қачон барҳам беради? Сизлар қилмасангиз ким қилади, Хатамов?” деганди Шавкат Мирзиёев.
Блогер ва жамоатчилик фаолларига нисбатан ишлаётган қонун Бекзод Бахтимуродов кабиларга келганда ишламай қолиши сабабларини кимдир тушунтириб бера оладими?















