Энергетика вазирлиги ва унинг қуйи бўғинларидаги раҳбарларда ижро ва масъулият етишмаётгани танқид қилинди. Шу боис, одамлар ҳам, тадбиркорлар ҳам тизимга масъул раҳбарларнинг ҳозирги ишидан мутлақо норози.
“Такрор айтаман: тизимдаги ҳар бир раҳбарнинг қилаётган иши, энг аввало, одамларнинг ҳаётида, турмуш тарзида сезилиши, тадбиркорларнинг мушкулини осон қилиши керак”, – деди давлатимиз раҳбари.
Ҳар йили ёз ва қишда ўнлаб подстанцияларда авария бўлиб, юзлаб трансформаторлар ёниб кетмоқда. Июн-июл ойларининг ўзида 4 мингга яқин авария содир бўлиб, аҳоли ва тадбиркорлар 8-10 соатгача электрсиз қолган.
Сўнгги беш йилда Ширин шаҳри, Янгиҳаёт, Яккасарой ва Оҳангарон туманида электр истеъмоли 2 каррадан зиёд ошган. Бироқ масъуллар ва ҳокимлар тармоқларнинг бундай юкламани кўтара олмаслигини олдиндан ҳисобга олмаган.
Президентимиз ҳар бир узилиш тадбиркорлар ва иқтисодиётга қанча зарар келтиргани ҳисоблаб чиқилмаганини танқид қилди. Ҳокимлар энергия истеъмоли балансини аниқ билмагани учун миллиардлаб маблағ ҳавога кетаётганини кўрсатиб ўтди.











