Давлат хавфсизлик хизмати, Бош прокуратура ҳузуридаги департамент ҳамда ички ишлар органлари ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирларда ер майдонларини расмийлаштириш билан боғлиқ икки коррупцион ҳолатга чек қўйилди.

Маълум қилинишича, Давлат кадастрлари палатасининг Бухоро вилояти бошқармасида бўлим бошлиғи лавозимида ишловчи шахс Ромитан туманида 2015 йилда ўзбошимчалик билан қурилган 65 квадрат метрли савдо ва хизмат кўрсатиш биноси ҳамда унга туташ 35 квадрат метр бўш ер майдонини фуқаро номига расмийлаштириб бериш эвазига 2,5 минг АҚШ доллари олган вақтида ушланди.

Яна бир ҳолат Қашқадарё вилоятида қайд этилди. Вилоят инвестициялар, саноат ва савдо бошқармасининг Кўкдала тумани бўлими бош мутахассиси 2019 йилда ажратилган 1 сотих ер майдони учун кадастр ҳужжатларини танишлари орқали тайёрлатиб, давлат рўйхатидан ўтказиб беришни ваъда қилиб, 1 минг АҚШ доллари талаб қилган. У сўралган пул маблағини олган вақтида тезкор тадбир иштирокчилари томонидан қўлга олинди.

Ҳозирда ҳар икки ҳолат юзасидан жиноят ишлари қўзғатилган бўлиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.