Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасидаги ўтказиш пунктлари сони 15тадан 30тага етказилади. Бу ҳақда Қирғизистон президенти Садир Жапаров маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, ўтказиш пунктлари тармоғининг кенгайтирилиши фуқароларнинг ҳаракатланишини енгиллаштиради ва икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлайди.
“Ўтказиш пунктлари сонини 15тадан 30тага ошириш тўғрисида келишувлар имзоланди. Энди одамлар бир-бирлариникига эркин бориши, иш юритиши, ўқиши ва дам олиши мумкин”, деди Садир Жапаров.
Унинг қайд этишича, ўзбек-қирғиз муносабатлари ўз тарихидаги энг яхши даврлардан бирини бошдан кечирмоқда.
Аввалроқ Садир Жапаров Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевни I даражали «Манас» ордени билан тақдирлаганди.
“Манас” ордени Қирғиз Республикасининг олий давлат мукофотларидан бири ҳисобланади. Республика ва хориж фуқароларига давлатчилик ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, халқлар ўртасида тинчлик, дўстлик ва ўзаро англашув ришталарини ривожлантиришга қўшган улкан ҳиссаси учун берилади.











