Дунёдаги энг йирик электромобил ишлаб чиқарувчилардан бири бўлган BYD август ойида ўзининг илк одамсимон роботларини намойиш этади. Тақдимот компаниянинг Di Space кўргазма марказида ўтказилади ва ташриф буюрувчилар роботлар билан бевосита мулоқот қилиши мумкин бўлади.
Таъкидланишича, гап концепт эмас, балки реал вазифаларни бажара оладиган тўлақонли роботлар ҳақида бормоқда.
BYD сунъий интеллект ва одамсимон роботлар йўналишини кўриб чиқаётгани ҳақида 2025 йилда маълум бўлганди. Компания ижрочи вице-президенти Стелла Ли компания сунъий интеллектни ривожлантириш йўналишига сезиларли маблағ киритганини айтди.
Экспертларнинг фикрича, компаниянинг энг катта устунлиги роботларнинг ўзи эмас, балки уларни жуда кўп миқдорда ишлаб чиқариш имконияти ҳисобланади. Мутахассислар компаниянинг улкан ишлаб чиқариш қувватлари уни бозорнинг асосий ўйинчиларидан бирига айлантириши мумкинлигини айтишмоқда.
Роботлардан дастлаб компаниянинг ўз заводларида фойдаланилади. Улар деталларни ташиш, маҳсулотларни йиғиш, сифат назоратини амалга ошириш ва ички логистика жараёнларини автоматлаштириш каби вазифаларни бажаради. Бу эса технологияларни ҳақиқий иш шароитида синовдан ўтказиш ва такомиллаштириш имконини беради.
Агар роботларнинг самарадорлиги амалда исботланса, уларнинг қўлланилиш соҳаси кенгаяди. Келажакда одамсимон роботлар омборлар, шифохоналар, меҳмонхоналар, савдо марказлари, қурилиш соҳаси ва уй-рўзғор ишларида хизмат қилиши мумкин.










