Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 февралдаги 80-сон қарори билан тасдиқланган Махсус электрон тизим орқали айрим фаолият турларини лицензиялаш тартиби тўғрисидаги ягона низомга ўзгартириш киритишни назарда тутувчи қарор лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.
Лойиҳага мувофиқ, нодавлат олий таълим ташкилотлари ректорларига давлат ОТМ ректорларига қўйиладиган малака талабларига ўхшаш мезонларни жорий этиш таклиф қилинмоқда.
Хусусан, ректор олий таълим ташкилотида бошқарув лавозимида ишлаш учун зарур касбий ва ташкилотчилик қобилиятига, таълим соҳасида раҳбарлик тажрибаси ҳамда тегишли билим ва кўникмаларга эга бўлиши керак.
Шунингдек, номзоддан интеллект, маданият, етакчилик, ижодкорлик, хушмуомалалик, ташкилотчилик, ташаббускорлик ва тадбиркорлик каби шахсий фазилатларга эга бўлиш талаб этилиши назарда тутилган.
Яна бир муҳим талаб илмий даража ва унвон билан боғлиқ. Лойиҳага кўра, хусусий ОТМ ректори университетда бакалавр ёки магистрлар тайёрланадиган йўналишлардан бири бўйича фан доктори (DSc) ёки фалсафа доктори (PhD) илмий даражасига, шунингдек, профессор ёки доцент илмий унвонига эга бўлиши лозим.
Бундан ташқари, номзод кафедра мудири, факультет декани ёки унинг ўринбосари, проректор каби раҳбарлик лавозимларида ёхуд олий таълим соҳасидаги республика ижро этувчи ҳокимият органларида камида беш йил самарали ишлаган бўлиши талаб этилиши мумкин.
Ҳужжат лойиҳасида Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигига манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни янги талабларга мувофиқлаштириш учун икки ой муддат бериш ҳам назарда тутилган.
Ҳозирча мазкур талаблар қарор лойиҳасида назарда тутилган бўлиб, ҳужжат жамоатчилик муҳокамасидан ўтмоқда.











