АҚШ президенти Доналд Трамп Америка ҳарбийлари Жанубий Корея билан ҳарбий машғулот ўтказишидан норози эканини ва Пентагон раҳбари Пит Ҳегсетга қўшма ҳарбий машғулотлар дастурини «сезиларли даражада қисқартириш»га буйруқ берганини билдирди .
КХДРни тийиб туришга қаратилган Ulchi Freedom Shield номли ҳарбий машғулотлар душанба куни бошланиб кетган.
«Шимолий Корея раҳбари Ким Чен Ин билан жуда яхши муносабатларимни инобатга олсак (улар охирги бор 2019 йилда учрашганди), Қўшма Штатлар аллақачон Жанубий Корея билан қўшма ҳарбий машғулотларда иштирок этишга рози бўлганидан норозиман», – дея ёзган Трамп Truth Social ижтимоий тармоғида.
У Сеул Эронга қарши урушда АҚШга қўшилишдан бош тортганидан шикоят қилган:
«Мен яқинда Жанубий Корея президентидан Эрон Ислом Республикасини ядросизлаштиришда бизга қўшилишни хоҳлайсизми, деб сўрадим, улар „Йўқ, раҳмат!“ деб жавоб беришди».
«Бу машғулотлар нафақат қимматга тушади – харажатларнинг катта қисмини одатдагидек АҚШ тўлайди – балки Доналд Трамп президентлиги даврида таҳдид туғдирмайдиган ва ҳурмат кўрсатадиган мамлакатга мутлақо ноўрин ва душманлик сигналини юборади», – дея қўшимча қилган Америка раҳбари.
Трамп кейинги 11 кун давомида бўлиб ўтадиган машғулотларни бекор қилиш жуда кеч бўлгани, шунинг учун у мудофаа вазири Пит Ҳегсетга уларнинг кўламини «сезиларли даражада қисқартириш»ни буюрганини айтган.
- АҚШ ва Жанубий Корея мунтазам равишда қўшма ҳарбий машғулотлар ўтказиб келади, қолаверса, Жанубий Корея ҳудудида Американинг хориждаги энг йирик ҳарбий базаси – Кэмп-Ҳамфриз жойлашган. Бугундан бошланган машғулотларда минглаб ҳарбий хизматчилар ва ҳарбий техникалар иштирок этади. Машғулотлар Шимолий Корея таҳдидларига қарши тайёргарликни оширишга қаратилган бўлиб, учувчисиз учиш аппаратларига қарши курашиш, GPS’ни ўчириш ва киберҳужумларни қайтариш бўйича машғулотларни ўз ичига олади.
- КХДР мунтазам равишда АҚШ-Жанубий Корея қўшма машғулотларини танқид қилиб келади, деб эслатади CNN. Шимолий Корея Ташқи ишлар вазирлиги 17 август куни бошланадиган машғулотларни «тажовузкор уруш репетицияси» ва ўз хавфсизлигига «жиддий таҳдид» деб атаган.









