Бугун, 20 август куни Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида барпо этилган 20 МВт қувватга эга Чорбоғ шамол электр станциясининг очилиш маросимига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.
Тадбирда Хитойнинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Юй Тзюн (Ю Жун) жаноблари, савдо-саноат палатаси ҳамда мутасадди энергетика ва қурилиш компаниялари вакиллари, “O‘zbekgidroenergo” АЖ Бошқаруви раиси ўринбосарлари ҳамда масъул ходимлари, Тошкент вилояти ва Бўстонлиқ тумани ҳокимлиги вакиллари, ҳудудий фаоллар ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.

Мазкур лойиҳа Ўзбекистон Республикаси ва Хитой Халқ Республикаси ўртасидаги стратегик шериклик муносабатлари, ўзаро ишонч ва самарали ҳамкорликнинг яна бир ёрқин натижаси бўлди. Лойиҳани амалга ошириш учун Хитой Ҳукумати томонидан 28 миллион АҚШ доллари миқдоридаги беғараз грант маблағи ажратилди.
“O‘zbekgidroenergo” АЖ томонидан лойиҳани амалга ошириш бўйича барча ташкилий, техник ва муҳандислик ишлари белгиланган режалар асосида босқичма-босқич олиб борилди. Қурилиш-монтаж ишлари, электр тармоқларига улаш, муҳандислик инфратузилмасини тайёрлаш ҳамда замонавий шамол турбиналарини ўрнатиш ишлари тўлиқ якунланди.

Бугунги кунда Чорбоғ шамол электр станцияси фойдаланишга тўлиқ тайёр ҳолга келтирилди ва мамлакатимиз ҳаётидаги энг азиз ва энг улуғ байрам – Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллигига муносиб туҳфа сифатида ишга туширилмоқда.
Лойиҳа доирасида ҳар бири 5 МВт қувватга эга бўлган 4 та замонавий шамол турбинаси ўрнатилди. Станциянинг умумий қуввати 20 МВтни ташкил этиб, у йилига 50 миллион кВт·соатгача экологик тоза электр энергияси ишлаб чиқариш имкониятига эга.

Бу эса қарийб 20 мингта хонадоннинг электр энергиясига бўлган эҳтиёжини таъминлаш, электр тармоқлари юкини камайтириш ҳамда мамлакатимиз энергетика тизими барқарорлигини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Шунингдек, станция фаолияти натижасида ҳар йили юз минглаб куб метр табиий газ ва минглаб тонна кўмир тежалади, атмосферага чиқариладиган иссиқхона газлари ҳажми сезиларли даражада қисқаради. Бу эса мамлакатимизнинг экологик барқарорликни таъминлаш, углерод изини камайтириш ҳамда халқаро иқлим мажбуриятларини бажаришга қаратилган саъй-ҳаракатларига муносиб ҳисса бўлиб қўшилади.

Энг муҳими, мазкур иншоот мамлакатимизда қайта тикланувчи энергетика соҳасини ривожлантириш бўйича “O‘zbekgidroenergo” АЖнинг кўп йиллик изчил саъй-ҳаракатларининг мантиқий давоми ҳисобланади. Зеро, айнан ушбу жамият мамлакатимизда шамол энергетикаси бўйича илк амалий қадамларни ташлаган ташкилот сифатида ушбу соҳада муҳим тажриба мактабини шакллантирган.

Тадбир доирасида “Шамол электр станцияси – ёш мусаввирлар нигоҳида” номли танловда иштирок этган П. Бенков номидаги Республика ихтисослаштирилган рассомлик мактабининг бир гуруҳ битирувчи ёш мусаввирлари ижодий ишлари баҳоланиб, Жамиятнинг қимматбаҳо эсдалик совғалари ҳамда фахрий ёрлиқлари билан тақдирландилар.





