Полша Ички хавфсизлик агентлиги (ABW) 20 август куни Варшавада Украина фуқароси Сергей П. қўлга олингани ҳақида маълум қилди. У Украина мудофаа саноатининг номи ошкор этилмаган вакилига суиқасд уюштиришга уринганликда гумон қилинмоқда.

Маълум қилинишича, 63 ёшли Сергей П. аслида 5 август куни ушланган.

ABW баёнотига кўра, суиқасд Украина Киев вилоятининг Ирпен шаҳрида амалга оширилиши режалаштирилган. Гумондор эҳтимолий қурбоннинг автомобили тагига портловчи қурилма ўрнатган.

Тергов версиясига кўра, автомобил масофадан туриб портлатилиши керак бўлган. Бироқ механизм ишламаган ва портлаш содир бўлмаган. Шундан кейин гумондор Украинадан чиқиб, Полшага йўл олган.

Полша тергов органлари Сергей П. Россия махсус хизматлари буюртмаси асосида ҳаракат қилган деб ҳисобламоқда. Варшава суди уни ноқонуний йўл билан олинган портловчи моддалардан фойдаланиб одам ўлдиришга уриниш айблови бўйича уч ой муддатга ҳибсга олган.

Россия махсус хизматлари билан боғлиқ бошқа ишлар

Сўнгги вақтларда Полшада Россия махсус хизматлари билан алоқадорликда гумон қилинган шахсларни қўлга олиш ҳолатлари ҳақида тез-тез хабар берилмоқда.

13 август куни Полшада Россия фуқароси ушлангани маълум бўлган. У АҚШ ва Украина фуқаролигига эга шахсни ўлдиришга тайёргарлик кўришда гумон қилинган.

RMF FM радиостанцияси маълумотига кўра, ушланган шахс Донбассда туғилган бўлиб, украиналик рэпер Алберт Василев — Kyivstonerʼга суиқасд уюштиришни режалаштирган.

Аввалроқ Россия Федерал хавфсизлик хизмати (ФХХ) мусиқачини Москва вилоятидаги стратегик корхонага кенг кўламли дрон ҳужумини ташкил этишда айблаган эди. Kyivstoner эса бу айбловларни қатъиян рад этган.

Бундан ташқари, июл ойида Полшада 18 ёшли Украина фуқаросига ҳам айблов эълон қилинган. Тергов версиясига кўра, у Россия махсус хизматларининг топшириғи билан Киев ва Варшава ўртасидаги муносабатларда кескинлик келтириб чиқаришга қаратилган диверсия ҳаракатларини амалга оширган.

Полша прокуратураси маълумотига кўра, гумондор 2024–2025 йилларда жами 47 та жиноий ҳаракат содир этган. Улар орасида ёдгорликларни, жумладан, Украина исёнчилар армияси (УИА) қурбони бўлган полякларга бағишланган мемориалларни таҳқирлаш ҳолатлари ҳам бор.