Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.
АҚШ Эронни иқтисодий бўғмоқчи
Душанба куни АҚШ Эроннинг савдо ҳамкорларини нишонга олиш орқали унинг иқтисодиётини чеклашга қаратилган «мисли кўрилмаган» қадамни эълон қилди.
Молия вазири Скотт Бессент матбуот анжуманида ҳеч қандай аниқ чора ёки эълонларни айтмади.
АҚШ Теҳрон режимининг «иқтисодий бўғилиши»га – асосан Эроннинг савдо ҳамкорларига нисбатан иккиламчи санкциялар орқали эришмоқчи.
«Бутун дунё бўйлаб бизнинг мақсадимиз Теҳрон яккаланиб қолгунига қадар бу режимни ушлаб турган ҳар қандай иқтисодий қон томирини узиб ташлашдир. Биз барчани жавобгарликка тортамиз», деди Бессент матбуот анжуманида
Бессент дастурни «Иқтисодий қувғинди операцияси» деб атади ва уни ўтган ҳафта Трамп тилга олган «Иқтисодий D куни»га ўхшатишга уринди.
«Эрон ҳозир жуда аниқ танлов олдида турибди, уларнинг олдида фақат иккита йўл бор: тўлиқ глобал яккаланиш ва фақат кун кечиришга асосланган иқтисодиёт ёки глобал иқтисодиётга қайта қўшилиш имконияти билан нормал ҳолатга қайтиш йўли», деди Бессент.
Унинг сўзларига кўра, Молия вазирлиги «Эрон нефт контрабандаси ва санкциялардан қочиш учун фойдаланган ҳар бир тугун, ҳар бир тармоқ ва ҳар бир воситачини» аниқлаб чиққан ва энди «сиртмоқни тортишни» бошлайди.
Трамп дунё етакчиларига Эрон билан алоқаларни тўхтатиш бўйича аниқ илтимослар билан қўнғироқ қилмоқда. «Биз аллақачон натижаларни кўрмоқдамиз», деди Бессент тафсилотларга тўхталмасдан.
АҚШнинг сўнгги санкцияларига муносабат билдирар экан, Эрон иқтисодиёт вазири Али Маданизода уларда санкцияларга қарши «икки йиллик режа» борлигини айтди.
«Улар Эрон халқи ва расмийларининг қатъиятини синаб кўриш учун қўлларидан келган барча ишни қилди. Бироқ ҳар сафар муваффақиятсизликка учради. Кўринишидан улар яна бир мағлубиятга учрашни хоҳлаганга ўхшайди», деди Маданизода.
Бундан ташқари, Эрон санкцияларга — нефт ташиш йўналишларини нишонга олиш орқали «зилзиладек кучли зарба билан жавоб қайтаришини» айтди.
Урушдан олдин Эроннинг энг йирик иккита савдо ҳамкори Хитой ва БАА эди. БАА ўтган ҳафтада Эрон билан барча савдо, тижорат ва молия амалиётларини тўхтатиб қўйганини эълон қилди.
Хитой Ташқи ишлар вазирлиги воқеалар ривожини диққат билан кузатиб бораётганини ва ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун зарур чораларни кўришини айтди.
Саудиянинг Париждаги лойиҳаси
Франция ва Саудия Арабистони етакчилари Париж яқинида 7 миллиард долларлик кўнгилочар боғ қуришга келишиб олди. Бу келишув Саудия валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмоннинг Францияга ташрифи чоғида эълон қилинди.
Япониянинг машҳур «Dragon Ball Z» аниме-мангосидан (комикс сериал) илҳомланган ушбу лойиҳа Париждан шимоли-ғарбда қурилади. Елисей саройига кўра, у қарийб 22 000 та иш ўрни яратиши кутилмоқда.
Макроннинг маслаҳатчиларига кўра, ғоя 2025 йилда Макроннинг Саудияга ташрифи чоғида — икки етакчилар «Dragon Ball Z»га нисбатан умумий қизиқишлари борлигини аниқлагач туғилган.
Лойиҳани Саудия Арабистонининг кўнгилочар ва сармоявий «Qiddiya» гуруҳи молиялаштиради. Бу подшоҳликнинг ўз иқтисодиётини нефтдан ташқари соҳалар ҳисобига диверсификация қилиш ҳаракатларининг бир қисми ҳисобланади.
Европадаги энг йирик тематик боғлардан бирига айланадиган ушбу масканнинг қачон очилиши ҳозирча белгиланмаган. Унинг қурилиши бир неча йил давом этиши кутилмоқда.
Париж яқинида қасрга эга бўлган бин Салмон хорижга камдан-кам уюштириладиган расмий ташрифини амалга оширмоқда. У якшанба куни Париждаги Киберспорт бўйича Жаҳон кубоги ёпилиш маросимида ҳам Макрон билан бирга кўриниш берганди.
Украина Ozon омборларини ҳам урмоқда
Украина сўнгги кунларда Россиянинг иккинчи йирик онлайн савдо компанияси «Ozon»га тегишли тўртта логистика марказини нишонга олди.
Россия жанубидаги ҳужумлардан сўнг, Ozon'нинг акциялари қиймати кескин тушиб кетди. Бу сўнгги уч кун ичида нишонга олинган объектлар сонини олтитага етказди.
Киев ўтган ҳафтага қадар ҳужумларда Ozon'нинг рақобатчиси Wildberries'га эътибор қаратаётган эди. Ушбу сектор Россия иқтисодиётининг энг тез ривожланаётган қисмларидан бири ҳисобланади.
Ozon ўз баёнотида Доғистоннинг Маҳачқалъа шаҳридаги логистика маркази дрон ҳужумидан сўнг ёниб кетгани ва ўз фаолиятини тўхтатганини маълум қилди. Дастлабки маълумотларга кўра, бир неча киши жароҳатланган.
Шунингдек, Краснодар шаҳри чеккасидаги Ozon логистика марказида ҳам ёнғин келиб чиққан. Адигея Республикаси ва Ставропол ўлкаси омборларидан ишчилар эвакуация қилинган.
Олдинроқ Самара ва Оренбургдаги Ozon логистика марказлари ҳам иш фаолиятини тўхтатганди.
Душанба куни Москва биржасида Ozon акциялари қарийб 30 фоизга, унинг йирик улушдори акциялари эса 13 фоиздан кўпроққа пасайиб кетди.
Ушбу зарбалар фонида Москва ҳам бутун Украина бўйлаб шаҳарлар ва инфратузилмаларни ўққа тутишда давом этмоқда.
Суриядан терроризм ҳомийси мақоми олиб ташланди
АҚШ Давлат департаменти Суриядан “терроризм ҳомийси бўлган давлат” мақомини олиб ташлади. АҚШ Молия вазирлиги эса, ўз навбатида, «Ҳайъат Таҳрир аш-Шом» гуруҳидан санкцияларни бекор қилди.
Сурия ушбу рўйхатда 1979 йилнинг декабр ойидан бери қолиб келаётган эди. Ўтган йили президент Трамп Сурияга қарши 2004 йилда киритилган санкцияларни бекор қилганди. У, шунингдек, давлат котиби Марко Рубиога Суриянинг «терроризм ҳомийси» мақомини қайта кўриб чиқишни топширган.
Баёнотда айтилишича, ушбу қарор Сурия учун халқаро савдо ва инвестицияларга йўл очади, бунинг натижасида у қайта тикланиш имконига эга бўлади.
Сурияда 50 йилдан ортиқ вақт давомида Асадлар режими ҳукмронлик қилди. 2024 йил декабрида Башар Асад ағдарилди ва Россияга қочиб кетди. Ҳокимиятга Сурияни демократик давлатга айлантиришга ваъда берган Аҳмад аш-Шаръа бошчилигидаги гуруҳ келди.
2025 йилнинг май ойида Европа Иттифоқи ҳам Суриядан барча иқтисодий санкцияларни олиб ташлаганди.
Гаитида қуроллар тўдалар ҳужуми
Душанба куни тунда Гаити пойтахтига яқин ҳудудда тўдалар томонидан қилинган ҳужум оқибатида камида 47 киши ҳалок бўлди ва яна 22 киши яраланди.
Пойтахтга киришни назорат қилувчи стратегик ҳудудда жойлашган Кенскофф посёлкаси ўтган йилдан бери қуролли тўдаларнинг ўнлаб ҳужумларига учради.
Гаити ҳукумати «жирканч ҳужум»ни қоралаб, хавфсизликни кучайтиришга ваъда берган. Аммо маҳаллий аҳоли полиция участкасидан атиги бир неча дақиқа узоқликда ўлдирилган одамларни ҳимоя қила олмаганини рўкач қилиб, маҳаллий полиция бошлиғи истеъфосини талаб қилди.
БМТнинг Гаитидаги Бирлашган ваколатхонаси қурбонлар сони бўйича ҳисоб-китоблар ҳали ўзгариши мумкинлигини айтди.
Хорижий давлатлар Гаитининг заиф қуролланган полициясини кучайтиришга уринмоқда. Шунга қарамай, ўзаро бирлашган қуролли тўдалар йиллар давомида пойтахт устидан ўз таъсирини мустаҳкамлаб бормоқда.
БМТ ҳисоб-китобларига кўра, 2025 йил бошларида икки ой давомида Кенскоффдаги ҳужумлар оқибатида 260 дан ортиқ одам ҳалок бўлган. 200 та уй вайрон қилинган ёки ёқиб юборилган бўлиб, бу 3000 кишини қочишга мажбур қилган.











