Археологик тадқиқотлар давомида қадимий иншоот хоналаридан бирининг ғарбий деворида гил сувоқ устига ишланган лола ва оқ гуллар тасвири аниқланган.
Гул тасвирлари қизил рангдаги ингичка тўлқинсимон чизиқлар билан уйғунлаштирилган. Кейинги даврда эса ушбу деворий сурат устидан оқ оҳакли сувоқ қатлами тортилгани маълум бўлган.
Топилма нафақат бадиий жиҳатдан, балки Бобуртепадаги қадимий иншоотнинг вазифасини аниқлаш нуқтаи назаридан ҳам аҳамиятли ҳисобланади.
Хусусан, бинонинг маҳобатли ва қалин деворлари, шунингдек, унинг ички қисмидаги безаклар иншоот оддий турар жой бўлмаган бўлиши мумкинлигини кўрсатмоқда.
Дастлабки археологик хулосаларга кўра, мазкур бино милодий IV–V асрларда ибодатхона сифатида фаолият юритган бўлиши мумкин.
Бироқ иншоотнинг аниқ вазифаси ҳозирча тўлиқ белгиланган эмас. Мутахассислар кейинги қазишма ва илмий тадқиқотлар орқали унинг асл вазифаси, меъморий тузилиши ва тарихий аҳамияти ҳақида янада аниқ маълумотлар олиш мумкинлигини таъкидламоқда.
Бобуртепадаги археологик тадқиқотлар Самарқанд археология институти ходими Санжар Абдурахимов томонидан олиб борилмоқда.





