Бу ҳақда Британиянинг FStech порталида Ўзбекистоннинг 2030 йилга қадар Марказий Осиёнинг етакчи молиявий технологиялар — финтех марказига айланиш режаларига бағишланган мақолада сўз боради, деб хабар берди «Дунё» ахборот агентлиги.
Маълум қилинишича, Марказий банк раиси Тимур Ишметов Тошкентда ўтказилган Silk Road Finance & Technology Forum доирасида Ўзбекистоннинг финтех соҳасини ривожлантириш бўйича тўрт йиллик режасини тақдим этган.
Стратегиянинг асосий мақсадларидан бири — 2030 йилга қадар мамлакат финтех соҳасига 1 миллиард доллар миқдорида хорижий инвестиция жалб қилиш.
Шу билан бирга, молиявий технологияларни тартибга солиш тизимини такомиллаштириш ва рақамли молия соҳасида янги ташаббусларни амалга ошириш режалаштирилган.
Хусусан, 2026–2027 йилларда янги молиявий инструментларни синовдан ўтказиш имконини берувчи такомиллаштирилган тартибга солиш тизимини ишга тушириш кўзда тутилмоқда.
Бундан ташқари, 2026 йилнинг тўртинчи чорагида инновацион хаб фаолиятини йўлга қўйиш режалаштирилган. У финтех лойиҳаларини ривожлантириш ва янги молиявий технологияларни амалиётга жорий этиш учун майдон вазифасини бажариши кутилмоқда.
Материалда Ўзбекистон Марказий банки рақамли миллий валюта бўйича ҳам синовлар ўтказаётгани қайд этилган.
Ушбу синовлар натижаларини яқин вақт ичида тақдим этиш режалаштирилмоқда.
Стратегия Ўзбекистоннинг рақамли молия бозорини ривожлантириш, хорижий инвестицияларни жалб қилиш ва мамлакатни 2030 йилга қадар Марказий Осиёдаги етакчи финтех марказларидан бирига айлантиришга қаратилган.





