17 август куни псковлик сиёсатчи ва собиқ депутат, 30 йил мобайнида «Яблоко» партиясининг ҳудудий бўлимини бошқарган, ҳуқуқ фаоли ва журналист Лев Шлосберг Россия армияси ҳақида «фейк» тарқатиш ва уни «обрўсизлантириш» айбловлари билан 11 йил-у 1 ой муддатга озодликдан маҳрум этилди. BBC рус хизмати замонавий Россия тарихидаги энг кўзга кўринган регионал сиёсатчилардан бирининг тарихини ҳикоя қилади.

2017 йил 6 июнда Лев Шлосберг Псков области депутатлари йиғилишида ўзининг машҳур нутқи билан чиқиш қилганди. Шлосберг ўшанда мактабларда ватанпарварлик дарслари ўқитила бошлаганига эътибор қаратганди. Уни маҳаллий «единоросслар» тинглашга мажбур бўлишган. Видеоёзувда улар «Яблоко» партиясидан бўлган мухолифатчининг сўзларига ҳеч қандай реакция қилмаслик учун планшетларига тикилиб ўтиришгани ёки ўзаро гаплашиб ўтиришганини кўриш мумкин. Областнинг ўша вақтдаги губернатори Андрей Турчакнинг юзидан эса Шлосбергнинг сўзларидан қаттиқ дарғазаб бўлгани сезилиб турарди.

«Мактабларда давлат ватанпарварлиги дарслари жорий этила бошладими, демак, бу давлатда нимадир рисоладагидек эмас. Болаларга Ватанни севишни ўргатишга тўғри келаётган экан, демак, Ватан ўз фарзандларини севмайди, – деганди Шлосберг. – Ватанпарварлик – бу ватанга муҳаббатдир. Бу – кишининг шахсий туйғуси, шахсий кечинмаси. Ватан – давлат ёки ҳукумат эмас. Ватан – инсонни ҳаётининг илк дамлари билан боғлаб турувчи ер парчаси. Агар одамларни болаликдан давлатни, ҳокимиятни севишга ўргата бошлашса, бу ватанпарварлик эмас, балки уларда садоқат ва итоатгўйликни тарбиялаш дегани. Бундай тарбияланган одам Ватан тақдири ҳал бўлаётган ҳал қилувчи паллаларда ватанга муҳаббат ва давлатга садоқат ўртасида қолиб, ватанга хиёнат қилиши мумкин. Чунки ватанга муҳаббат баъзан давлатга, ҳокимиятга қарши чиқишни талаб қилади».

Шлосбергнинг бу нутқи ўшанда ижтимоий тармоқларда кенг тарқалган, кўпчилик томонидан муҳокама қилинан ва ундан иқтибослар келтирилганди. Уни ҳозир ҳам YouTube’даги ўнлаб каналлардан топиш мумкин. Ўтган тўққиз йил ичида Псковнинг ўша пайтдаги губернатори Турчак кўтарилиб, Москвада сенатор, Федерация Кенгаши раиси Валентина Матвиенконинг биринчи ўринбосари ва «Единая Россия» бош кенгаши котиби лавозимларида ишлади, кейин эса худди шундай тезликда урилиб, яна чекка ҳудудга, бу сафар Олтойга губернатор қилиб юборилди. Шлосберг эса Псковдаги депутатлик мандатини йўқотди, унинг раҳбарлигидаги «Псков губернияси» газетасининг лицензияси бекор қилинди, «чет эл агенти» деб эълон қилинди, учта жиноий иш фигурантига айланди ва кейинги 11 йилдан кўпроқ вақтни қамоқда ўтказиши керак.

«Болаларга фуқаролар уруши ҳақида сўзлаб берганда, бу қизилларнинг оқлар ва яшиллар устидан қозонган ғалабаси эмас, балки умуммиллий фожиа бўлганини айтишармикан? Болаларга ватанпарварлик ҳақида Улуғ Ватан уруши мисолида сўзлаб беришаётганда, уларга ғалаба қанчага тушганини ҳам айтишармикан? Уруш бошланмасданоқ қириб ташланган қўмондонлар ва ҳарбий мутахассислар ҳақида. Молотов-Риббентроп пакти ҳақида. Сталиннинг ҳалокатли хатолари ҳақида. Ҳалигача топилмаган ва дафн этилмаган миллионлаб аскарлар ҳақида. Ғалабадан сўнг концлагерларга сургун қилинган ғолиблар ҳақида. Чекка ҳудудларга беркитилган ногиронлар, уруш болалари, концлагерлардаги оммавий қабрлар устига қурилган кўп қаватли уйлар ҳақида-чи?

Уларга миллионлаб чақувлар, «қора қарғалар», «учликлар», ГУЛАГ, «уч бошоқ ҳақидаги қонун», болаларга 12 ёшдан ўлим жазоси жорий этилгани ҳақида айтиб беришармикан? Бу ҳам ватанпарварликнинг бир қисми, буниси билан ҳам фахрланиш керак бўладими? Ёки – ҳеч қачон қайтарилмаслиги учун – шунчаки хотирада сақлаш керакми?» – деганди Шлосберг ўша мажлисда.

«Болаларга XXI асрдаги Қрим Республикаси тарихи ҳақида сўзлаб беришаркан, уларга парламент қурол билан эгаллаб олингани, қрим-татарлар, Донбасс, эълон қилинмаган биродаркушлик урушида ҳалок бўлганларнинг шу кунгача махфий сақланаётган рўйхатлари, „их там нет“ («у ерда бизнинг қўшинлар йўқ») деган гаплар, Boeing’нинг бебахт йўловчилари ҳақида ҳам айтиб беришадими?

Нега мамлакатимизда ватанпарварлик тарбияси биринчи навбатда ҳарбий-ватанпарварлик руҳида? Нега тинчликпарвар ватанпарварлик эмас? Биз болаларни урушга тайёрламоқчимизми ёки тинчликка? Уларга нафрат ва адоватни ўргатмоқчимизми ёки ҳамдардлик ва муҳаббатними?» – дея савол қўйишда давом этган депутат.

2022 йил 24 февралга келиб Россия президенти Владимир Путин Лев Шлосбергнинг ўша саволларидан катта қисмига жавоб қайтарди. Аммо сиёсатчи барибир эмиграцияга кетишдан бош тортиб, Псковда яшашда давом этганди.

«Сиёсатчи журналист бўлолмайди»

«Шлосберг билан 2003 йилда, „Яблоко“нинг Питердаги бўлимига раис бўлганимда танишганман. Ўшанда „Яблоко“ Давлат думасига ўта олмаган ва ўзгаришлар масаласи кўтарилганди. Ва ўзгаришларнинг яққол етакчилари бор эди, – дейди „Яблоко“нинг Санкт-Петербургдаги бўлими собиқ раҳбари Максим Резник BBC рус хизматига. – Бир томондан, „ёшлар“га бошчилик қилиб, кўчалардаги фаолликни уюштирган Иля Яшин, иккинчи томондан, Питердаги бўлимимиз, биз Гарри Каспаров билан ҳам, Эдуард Лимонов билан ҳам ҳамкорлик қилганмиз. Учинчи томон эса Шлосберг эди. У кенг коалиция ва барча демократик кучлар билан ўзаро ҳамкорлик қилиш зарурлигига қаратилган хотиржам, вазмин стратегияни ўзида мужассам этган инсон эди».

Псков давлат педагогика институти тарих факултети битирувчиси, ракета қўшинларида икки йил хизмат қилган Лев Шлосберг 1992 йилда Псков Эркин институтини таъсис этган. 1994 йилда у «Яблоко» партияси аъзосига айланган, 1996 йилдан партиянинг ҳудудий бошқармасига раҳбарлик қила бошлаган.

2003 йилги Давлат думаси сайловлари натижаларига кўра, «Яблоко» илк бор парламентга кира олмайди ва расмий маълумотларга кўра, 4,3 фоиз овоз тўплаш билан чекланади – парламентга кириш учун камида 5 фоизлик тўсиқдан ўтиш талаб этиларди. Ҳолбуки ўшанда президент Владимир Путин «Яблоко» етакчиси ва ҳаммуассисларидан бири Григорий Явлинскийни партиядошлари билан Россия парламентининг тўртинчи чақириғида ҳам фракцияга эга бўлгани билан табриклашга улгургани ҳақида хабар тарқалганди.

2003 ва 2016 йилларда Шлосберг Давлат думаси депутатлигига сайланиш учун икки марта номзодини қўйган. У биринчи уринишда 2 фоиз, кейингисида эса 6 фоиз овоз олган. Унда сиёсатдан бошқа қизиқиш ҳам бор эди.

Денис Камалягин

«Муниципал газетада ишлаш жонимга текканди. 2010 йилда шунчаки вокзалда „Псков губернияси“ни сотиб олдим ва шундай деб юбордим: „Ҳозирги даврда ҳам шундай ёзиш мумкинми?!“. Бориб таҳририят эшигини тақиллатдим, у анча катта эди, тўртта хонаси бор, у ерда ўтирган бир миқтигина одам салом бериб қаршилади. Мен ҳам салом бериб, иш юзасидан келганимни айтдим. У эса айни муддао бўлгани, сўнгги икки йил давомида ёлғиз ўзи ишлаб келганини айтди. Биз ярим соат суҳбатлашдик, кейинги куни ишга чиқдим», – дея депутат билан танишувини таърифлайди Шлосберг 2000 йилдан бери нашр этиб келаётган «Псков губернияси» газетаси бош муҳаррири Денис Камалягин.

Камалягиннинг айтишича, газета асосчиси бўлган Шлосберг билан ишлашда улар ўртасида турли келишмовчиликлар ҳам бўлган. Камалягин сиёсатчи мустақил ОАВга раҳбарлик қила олмайди, деб ҳисоблайди: «Тўғрисини айтаман, бизда сўз эркинлиги бўйича келишмовчиликлар бор эди. Биз бунга турлича қараймиз. У журналист эмас, сиёсатчи. Бу сўзнинг классик маъносида, – дейди Камалягин. – Мен, масалан, бир сафар „Яблоко“ ҳақидаги гапни яширолмаймиз, буни ёзиш керак, дегандим. У эса шундай деган: „Ахир биз яхши одамлармиз-ку, улар ҳақида ёмон гап ёзиш мумкин, биз ҳақимизда эса ёзиб бўлмайди“. Инсон сифатида бунга қўшиларман, аммо журналист сифатида қўшилмасдим».

Бу кичик газетанинг ўқувчилари кўп эди. «Бу Псков учун эмас, Москва учун мўлжалланган газета эди, – дея ишонч билан айтади Камалягин. – Бу зиёлилар ва маҳаллий элита учун чиқадиган нашр эди. Газета чоршанба куни чиқарди, пайшанба куни эса Псков области кенгаши сессияси ўтарди. Қачонки [губернатор] Турчак кирганида, доим қўлида „Псков губернияси“ бўларди. У ўзи ҳақидаги мақолаларни ўқишни хуш кўрарди».

«Бу разилликка қўшилиш таклиф қилинди»

2011 йилда Псков области депутатлари кенгашига бўлиб ўтган сайловларда Лев Шлосберг бошчилигидаги «Яблоко» 6,7 фоиз овоз тўплайди. Шлосберг партияга тегишли бўлган ягона мандатни қўлга киритади.

Бир йил ўтиб эса у бутун мамлакат таниган сиёсатчига айланди. Ўшанда Россия Давлат думаси Американинг «Магнитский акти» санкцияларига жавобан «Дима Яковлёв қонуни»ни (норасмий номланиши) қабул қилганди. Америкалик қонун чиқарувчилар ҳуқуқшунос Сергей Магнитскийнинг тергов ҳибсхонасида вафот этишига алоқадор бўлган одамларга қарши санкциялар жорий этганди, Россия Давлат думаси эса қарши чора сифатида хорижликларга россиялик етим болаларни асраб олишни тақиқлашга қарор қилади. Ушбу қонун норасмий равишда шундай болалардан бири бўлган Дима Яковлёв номи билан аталади.

Қонун жамоатчилик орасида катта шов-шувга сабаб бўлади ва шундан сўнг Кремл кейинроқ 2022 йил феврал ойида ҳам такрорланган сиёсий-технологик ҳийла-найрангни қўллашга қарор қилади. Танқидга учраган сиёсий қарор учун жавобгарликни имкон қадар кўпроқ сиёсатчилар ўртасида тақсимлашга қарор қилинади ва президент маъмурияти Давлат думаси томонидан аллақачон маъқулланган қонунни ҳудудий парламентлар ҳам алоҳида баёнотлар билан «қўллаб-қувватлаши» ва «маъқуллаши»ни буюради.

«Бизга Россия Федерациясида қабул қилинган энг шармандали қонунлардан бири учун сиёсий жавобгарликни зиммамизга олиш таклиф қилинди. Улар болалар билан қандай ниқобланган бўлишса, энди Россия Федерацияси субъектларининг қонун чиқарувчи кенгашлари орқали ниқобланишга ҳаракат қилишмоқда! – дея ғазаб отига минади Шлосберг Псков области кенгашининг 2012 йил декабр ойида бўлиб ўтган йиғилишида. – Бизга бу ишга аралашиш таклиф қилинди. Бу ваҳшиёна қонун АҚШда „Магнитский акти“ имзоланганига жавобан қабул қилинган. Жамият бу қонун билан танишиб чиқди. Бу потенциал айбдорларга қарши ҳаракатлар эмас. Бу мутлақо ҳимоясиз болаларга қарши ҳаракатдир. Бу қонун одамхўрлик, йиртқичлик, виждонсизлик ва разилликдир. Бугун Псков депутатларига бу разилликка қўшилиш ва ҳар бир депутатга бу разилликка имзо чекиш таклиф қилинмоқдами?

«Дима Яковлев қонуни»га қарши пикет
TASS/ANTON NOVODEREZHKIN

Натижада Псков области кенгаши биринчи сафар ушбу қонун лойиҳасини маъқулламайди: унинг маъқулланиши учун 23 депутат овози талаб этиларди, амалда бундай депутатлар сони фақат 21 нафарни ташкил этади. Аммо танаффусдан кейин депутатлардан бири овоз бериш чоғида тугма ишламай қолганини айтади ва қайтадан овоз бериш жараёнини ўтказишни сўрайди. Бу сафар қонун лойиҳаси 26 нафар депутат томонидан ёқланади. Шлосберг яна «қарши» овоз беради, аммо бу энди ҳеч нарсани ўзгартирмайди: қарор қабул қилинади.

Псков сенсацияси

2014 йил мартида Россия Қримни аннексия қилади. Шундан кўп ўтмай Игор Гиркин бошқарувидаги отряд Словянскни эгаллаб олади, кейин эса Донецк ва Луҳанск областларида жанглар бошланиб кетади. Москвадагилар аввалига ушбу можарода айирмачиларни қўллаётганини тан олмайди. Аммо 2014 йил августида ўзини ўзи эълон қилган ДХР ва ЛХР тўлиқ мағлубият ёқасига келиб қолганида, Россия уруш майдонига ўз контингентини киритади, бу бўлинма украин ҳарбийларини қуршаб олади («Иловайск қуршови») ва Москва томонидан ташкил этилган республикалар омон қолишини таъминлайди.

Шлосберг раҳбарлигидаги «Псков губернияси» газетаси эса 76-десант-штурм дивизияси ҳарбий хизматчилари маҳаллий қабристонга дафн этилгани ҳақида ёзиб чиқади. Псковлик десантчиларнинг Украина шарқидаги урушда ҳалокати ҳақидаги хабар (бу Россия армиясининг можарода иштирокини тасдиқлаганди) сенсацияга айланади ва Псковга турли чеккалардан журналистлар ёпирилиб келади.

2014 йил. Украина шарқидаги можарода ҳалок бўлган десантчилар қабрларидан бирининг сурати. Ўшанда Россия ҳукумати бу тўқнашувларда иштирок этганини тан олмаганди.

«Биз шу қабристонга келдик, Мудофаа вазирлигининг гулчамбарларини, десантчиларнинг исмларини суратга олдик. Кейинги куни Шлосберг билан учрашдик. Лев Маркович – мен жуда катта ҳурмат ва муҳаббат билан қарайдиган инсон. Биз Псковдан жўнаб кетганимиздан бир неча кун ўтиб Лев Марковичга шундай ҳужум қилишдики, унда мия чайқалиши ва қисқа муддатли хотира йўқолиши кузатилди. Кейин биз Москвада кўп марта учрашдик. У сизга доим табассум қилиб турадиган одам», – дейди BBC нашрига журналист Владимир Роменский.

2014 йил 29 августда Шлосберг ишдан уйга қайтаётганида, Псков шаҳри марказида уч киши унга ортдан ҳужум қилади. У бошига тўмтоқ жисм билан берилган биринчи зарбадан кейиноқ ҳушини йўқотган, аммо номаълум шахслар уни кейинги бир неча дақиқа давомида калтаклашган, жумладан, боши ва қорнига тепишган. Шлосбергда бош мия жароҳати, бурун синиши ва кўплаб гематомалар қайд этилади, шунингдек, вақтинча хотирасини йўқотади.

Шлосбергнинг ўзи ҳужумни айнан Псков десантчиларининг махфий дафн маросими ҳақидаги хабар билан боғлаган. Бироқ, айбдорлар топилмайди: ҳужум юзасидан безорилик моддаси бўйича жиноий иш қўзғатилган, кейинчалик тергов бир неча бор тўхтатилган.

Партиядаги қийинчиликлар

Шафқатсизларча калтаклаш Шлосберг учун Псков десантчилари ўлими ҳақидаги хабарнинг ягона оқибати эмасди. 2015 йил сентябр ойида у депутатлик мандатидан маҳрум этилади. «Мени мандатдан маҳрум қилишнинг сиёсий буюртмачиси Псков области губернатори Андрей Турчак ва унинг гуруҳи ҳисобланади. Мен бу одамларни жуда безор қилдим: Кенгашдаги ишим, депутатлик сўровлари, коррупцияга қарши кураш, бюджет маблағларининг сарфланишини назорат қилиш, улар ҳеч қачон жамоатчиликка ошкор қилишни истамайдиган ишларга аралашиш билан», – деб ёзганди ўшанда Шлосберг ўз газетасида.

2015 йил охирида у «Яблоко» раҳбарлигига келиш учун партия қурултойида ўз номзодини илгари суради. «У радикал мухолифатчилар томонда эмасди, – дейди BBC’нинг партия раҳбариятидаги манбаси. – У Иваненконинг линиясидан юради, бу „Келинглар, Кремл билан келишамиз“ деган позиция эди (2024 йилда вафот этган Сергей Иваненко «Яблоко» етакчиларидан бири, Давлат думасининг дастлабки уч чақириғи депутати бўлган, партияда президент администрацияси билан алоқалар учун масъул эди). Шлосберг лоялист сифатида қабул қилинган, аммо ақли жойида бўлган лоялист. У ўзини федерал сиёсатчи сифатида кўрарди».

«Мен ва Яшинни қайсидир паллада партиядан чиқаришган бўлса, Шлосберг қайсидир паллада партия раҳбарлиги учун яққол даъвогарлардан бири бўлган, дея ҳикоя қилади Максим Резник. – Аммо Явлинский ўшанда [партия раислигига] Карелиядаги бўлим раҳбари Эмилия Слабуновани ўтказди».

Шлосберг партия съездларидан бирида чиқиш қилмоқда

Ўшанда партия қурултойидаги сайловларнинг иккинчи босқичида карелиялик Эмилия Слабунова ҳақиқатан ҳам ғалаба қозонган, уни Григорий Явлинский ҳам, раисликдан кетаётган Сергей Митрохин ҳам қўллаб-қувватлаган. «Лев Маркович яққол ажралиб турган етакчи. [„Яблоко“нинг ҳозирги раиси Николай] Рибаков шунчалик юмшоқ демократки, у партияда барчасини ўз қўлига олмайди, агар Шлосберг раис бўлганида, унинг олдида ҳеч ким ҳаммасини Явлинский бошқаради деб айтмаган бўларди», – дейди Шлосбергнинг «Псков губернияси»даги кўп йиллик ҳамкасби Денис Камалягин.

«Яблоко»нинг ўзига хослиги шундаки, партия раислари мунтазам равишда ўзгариб туради, аммо шу билан бирга, ҳамма сиёсий тузилманинг ҳақиқий раҳбари Григорий Явлинский бўлиб қолишини тушунади ва агар партияни Шлосберг бошқарганида, у унинг ҳақиқий етакчисига айланган бўларди, деб таъкидлайди BBC’нинг бир неча суҳбатдошлари. Уларнинг таъкидлашича, Явлинский партиядаги кучли шахсларга доим рақобатчидек муносабатда бўлган.

Шунга қарамай, 2016 йилда Шлосберг яна Псков области кенгаши депутатига айланади, «Яблоко» ўша сайловда 6 фоиздан сал кўпроқ овоз олади.

«Сиёсат билан фақат Россияда туриб шуғулланиш мумкин»

2017 йилда Псков области раҳбарлигига Михаил Ведерников келади. Янги губернатор дарҳол «Яблоко»нинг ҳудудий бўлими билан ҳам, Шлосберг томонидан нашр этиладиган «Псков губернияси» билан ҳам зиддиятга боради.

«Ведерников келгач, журналистлар билан мулоқот тугади, – дея янги губернаторнинг матбуот билан муносабатини таърифлайди «Псков губернияси» журналисти Денис Камалягин. – Унинг матбуот хизмати унинг инстаграм саҳифасига ўтди, ҳеч ким ундан олдин ҳеч нарсани эълон қилолмайди, фақат у ўз телеграм каналида, кейин„Макс“да ёзади, ҳеч қандай жонли матбуот анжуманлари йўқ».

Камалягин эслашича, унга нисбатан жиноий иш қўзғатиш бўйича биринчи уринишлар 2018 йилда бошланган. 2020 йилда эса «Псков губернияси» босма шаклда чиқишни тўхтатади, кўп ўтмай газетанинг лицензияси бекор қилинади, Камалягиннинг ўзи эса Россиядаги биринчилардан бўлиб жисмоний шахслар орасида «чет эл агенти» деб топилади. «Ведерников ҳар доим фсбчилар билан яқин муносабатда бўлган. Псков области – чегара ҳудуди, шунинг учун у ерда ФСБ ҳар доим алоҳида тузилма ҳисобланади», – дейди журналист.

Россиянинг Украинага босқини бошлангач, нашрнинг бутун жамоаси Псков областидан қўшни Латвияга кўчиб ўтади, Камалягин ҳозир у ерда ўзининг сиёсий бошпана ҳақидаги сўрови кўриб чиқилишини кутмоқда.

«Бизни нега сиқиб чиқаришди? Чунки улар 2014 йилги воқеа такрорланишини, биз яна қабрларни текширишимиз мумкинлигини, барча йўқотишлар ҳақида хабар беришимизни тушуниб туришарди. Шундай экан „Губерния“ энди [мутлақо] керак эмасди», – дейди у.

Лев Шлосберг Россияда қолишга қатъий қарор қилади ва уруш бошланганидан кейин кетиб қолган ҳамкасблари билан бир неча бор баҳслашади, чунки у фақат Россия ичида қолганларгина сиёсат билан шуғулланиши мумкин, деб ҳисобларди. Максим Резникнинг айтишича, уларнинг иш бўйича алоқалари 2021 йилда узилиб қолган: аввалига ҳибсга олингани, кейин эса Россиядан кетгани сабабли.

Лев Шлосберг Псковда Ксения Собчакка интервю бермоқда, 2025 йил

«Унинг танловини чуқур ҳурмат қиламан. У ўзини амбразурага ташлайдиган жинни эмас, – дейди Резник. – Мен қамалмаслик учун кетишга қарор қилдим. У эса қолишга қарор қилди. Ўшанда биз бироз тортишиб қолдик. У „бегона қон“ партияси ҳақида ёзганида, унга шундай ёзгандим: „Лев, сен нималар деяпсан“».

Шлосберг «бегона қон партияси» деганда урушни Украинанинг ҳарбий ғалабасига қадар давом эттиришни қўллаб-қувватлайдиган ва қурбонлар бериш орқали Россияда сиёсий ўзгаришларга эришиш мумкин деб ҳисоблайдиган россиялик мухолифатчиларни назарда тутади. Унинг фикрича, бундайлар ўзи ҳарбий ҳаракатларда қатнашмайди, аммо сиёсий мақсадлари учун бошқаларнинг ҳаёти билан тўлов қилишга тайёр.

«Лев, менимча, баъзи нарсаларни ҳаддан ташқари кескин ифодалади. Бироқ, ҳибсга олингандан кейин буларнинг барчаси аҳамиятсиз бўлиб қолади», – дея қўшимча қилади Резник.

2023 йилда Адлия вазирлиги Шлосбергни «чет эл агенти» деб эълон қилади. Аммо у шундан кейин ҳам сиёсий фаолиятини фаол тарзда давом эттиради. Шлосберг интервю беришда, фаоллик билан чиқишлар қилиш ва ўз фикрини билдиришда давом этади, бу кўпинча нафақат унинг рақиблари, балки тарафдорлари томонидан ҳам танқидга учрайди.

2024 йилда Шлосберг четга кетган мухолифатчиларни Украина қуролли кучларининг Курск областига бостириб киришини «ноўрин иштиёқ билан қарши олгани» учун кескин руҳда танқид қилади. Ксения Собчакка берган интервюсида эса Украинани шу қадар узоқ қаршилик кўрсатаётгани туфайли ушбу уруш қурбони деб атаб бўлмаслигини айтади.

Ушбу баёнотларнинг ижтимоий тармоқлардаги муҳокамаси сиёсатчилар, журналистлар ва блогерлар иштирокида ниҳоятда қизғин баҳсга айланди – уларнинг аксарияти Шлосбергни қаттиқ танқид қилишди. Энди эса унинг кўплаб танқидчилари унинг таъқибга олинишига қарши чиқишди ва прокуратура сўраган 12 йиллик муддатни даҳшатли деб аташди.

Шлосбергнинг хорижга чиқиб кетган мухолифатчиларга нисбатан тутган позицияси уни Россияда таъқиб қилинишдан сақлаб қололмади. 2022 йил март ойида Псков области губернатори Михаил Ведерниковга нисбатан туҳмат иши доирасида ўша пайтда 93 ёшда бўлган отаси Марк Шлосбергнинг хонадонида тинтув ўтказилди, бироқ ўшанда полиция ҳеч нарсани мусодара қилмаган ва ҳатто протокол ҳам тузмаган. 2024 йил октябр ойида ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари яна бир бор сиёсатчининг отаси ҳузурига ташриф буюришади – худди шу вақтда Шлосбергникида ҳам тинтув ўтказилаётганди: тергов унга нисбатан «чет эл агенти» мажбуриятларини бажаришдан бўйин товлаш ишини тергов қилаётган эди. 2025 йил 10 июнда, Шлосбергга қарши армияни такроран «обрўсизлантириш» бўйича жиноий иш қўзғатилганда, хавфсизлик кучлари «Яблоко»нинг Псковдаги офисини, Лев Шлосбергнинг квартирасини ва яна бир бор унинг 96 ёшли отасининг квартирасини тинтув қилишади.

Лев Шлосберг ўз отаси Марк Шлосберг билан

2025 йилда Тергов қўмитаси сиёсатчига қарши бирданига учта жиноий иш очади: «иноагент» мажбуриятларига риоя қилмаслик, армия тўғрисидаги «фейклар» ва армияни «обрўсизлантириш» бўйича. Дастлабки ойларда Шлосберг уй қамоғида қолдирилади, йил охирида эса уни барибир тергов ҳибсхонасига ўтказишади.

BBC нашрининг «Яблоко» раҳбариятидаги суҳбатдоши айтишича, ўшанда ҳам сиёсатчида Россияни тарк этиш имконияти сақланиб турганди: «Ҳибсга олиш тўғрисидаги қарор бир неча кунга бекор қилинган вазият бўлган. Прокуратура бу борада шикоят киритган, аммо у кишансиз юрган ва кетиши мумкин бўлган бир неча кун бор эди. Аммо бу унинг принципиал позицияси эди. У сиёсат билан фақат Россияда қолган ҳолда шуғулланиш мумкин, деб ҳисобларди. Ва у эмиграциядаги арбобларни у ердан туриб сиёсат билан шуғулланишга ҳаракат қилишгани учун танқид қилганди».

Денис Камалягин ҳам эмиграциядалиги туфайли Шлосберг билан мулоқоти узилиб қолганини тан олади, лекин «Псков губернияси» лицензияси қайтариб олинганидан кейин ҳам ишлашда давом этган: «Ҳозир биз икки киши қолдик. Ва йўқотишларни ҳисоблаб боряпмиз. Биз маҳаллий аҳоли вакиллари билан ишлаймиз. Бизнинг рўйхатимиздаги қурбонлар сони 1110 кишига етган. Бу 580 минг киши истиқомат қилувчи Псков областининг ўзида».

Суд жараёни

2026 йил 14 август куни прокурор Лев Шлосбергни 12 йил муддатга озодликдан маҳрум этишни сўради. Псков шаҳар судида ҳукмни эълон қилиш 17 августга белгилади, шу куни Олий суд «Яблоко»нинг сентябр ойида бўлиб ўтадиган Давлат думаси сайловларида ўз партия рўйхатини олиб ташлаш тўғрисидаги апелляциясини кўриб чиқиши керак эди. Олий суд апелляция бўйича қарорни Псковда Шлосбергга чиқарилган ҳукм эълон қилинганидан икки соатдан камроқ вақт ўтгач эълон қилди: у партия аъзоларини рўйхатдан ўтказишни рад этиш тўғрисидаги қарорни ўз кучида қолдирди.

Бироз ўтиб Шлосберг бўйича ҳам ҳукм чиқарилди. Шлосбергнинг эътирозларига қарамай, унга давлат томонидан адвокат тайинланди. Натижада сиёсатчи музокараларда иштирок этмади, бироқ жараён сўнгида судга охирги сўзи билан мурожаат қилди.

Шлосберг ўзининг ҳукумат буюртмаси билан ноқонуний таъқиб қилинаётганини, Россия жамияти ва суд эса унинг айбсиз эканини жуда яхши тушуниб турганини маълум қилди. Шундан сўнг «Яблоко» раиси ўринбосари узоқ нутқ сўзлаб, урушни зудлик билан тўхтатишни ва Украина билан сиёсий музокараларни бошлашни талаб қилди.

Шлосберг Украинадаги уруш ҳақида гапираркан, жумладан, XXI асрда яшаётган мамлакат яна XX асрдаги кескин йўналишга тушиб қолганини, келажак ўрнига – ўтмишга қараб кетаётганини таъкидлади.

«2022 йил 24 февралда мамлакатимизга Иккинчи жаҳон урушидан кейин илк бор уруш даври қайтди. Бу уруш даври истисносиз барча Россия фуқароларининг ҳаётини ўзгартирди. Бу вақт мобайнида минглаб одамларнинг умрига муддатидан аввал зомин бўлинди. Эртами-кечми, ҳалок бўлганларнинг номлари билан бирга аниқ ва тўлиқ сони эълон қилинади ва бутун мамлакат бу мотамнома рўйхатидан даҳшатга тушади», – деди у.

Сиёсатчи, шунингдек, ҳар бир фуқаронинг Россия Конституциясида кафолатланган яшаш ҳуқуқини эслатиб ўтди. Унга кўра, нафақат яшаш ҳуқуқи, балки ҳар бир инсоннинг муносиб ҳаёти ва эркин камолоти учун шароит яратишга қаратилган давлат сиёсати юритилиши кафолатланган.

«Муносиб ҳаёт – бу ўзи, ота-онаси, фарзандлари ва набиралари учун қўрқмасдан яшаш демакдир. Муносиб ҳаёт – бу инсоннинг ўз келажагини ва кейинги авлодлар, ҳам ўз оиласи, ҳам бутун жамият келажагини англаб етишидир. Инсон учун муносиб ҳаёт – бу урушсиз, ҳар лаҳзада тўсатдан ўлиш хавфи бўлмаган ҳаётдир. Муносиб ҳаёт – мамлакатдаги фуқаролик мулоқоти ва фуқаролик тинчлигидир. Муносиб ҳаёт фақат тинчлик шароитидагина бўлиши мумкин. Тинчлик ҳар бир инсон ҳаётининг шартидир», – деди Лев Шлосберг.

Уруш бошланганидан кейин Лев Шлосберг ёзувчи ва журналист Владимир Севриновскийга интервю берганди.

«Сайловда иштирок этиш энди мен учун имконсиз. Менга, олий маълумотли ўқитувчига, таълим ташкилотларида дарс бериш тақиқланган, – деганди Шлосберг табассум қилишга уриниб. – Бизнинг вазифамиз – бу даврдан ўз қиёфамиз ва жамоатчилик билан алоқамизни йўқотмасдан ўтиб олиш. Ва имкон қадар қамалмаслик».

30 июл куни Лев Шлосберг 63 ёшга тўлди, 17 август куни суд уни 11 йил-у 1 ойлик қамоқ жазосига ҳукм қилди.