2 сентябрдан Ўзбекистондаги 10 225 та умумтаълим мактабида 2026/2027 ўқув йили бошланди. Бу йил 795 мингдан ортиқ ўғил-қизлар биринчи синфга қадам қўйди. Kun.uz мухбири пойтахтдаги мактаблардан бирида бўлиб, ўқишнинг биринчи кунидан репортаж тайёрлади.
Мактабгача ва мактаб таълими маълумотларига кўра, Ўзбекистондаги мактабларда 2026/2027 ўқув йилида 550 мингдан зиёд ўқитувчи-педагог 6,7 млндан ортиқ ўқувчига таълим-тарбия беради.
«Болам мактабга чиқяпти-ю, худди мен чиққандай бўляпман», — дейди фарзандини биринчи синфга олиб келган она. У фарзанди мактабда пухта билим олиши, яхши тарбия топиши ва келажакда етук инсон бўлиб камол топишини кутаётганини таъкидлади.
«Бугун учинчи набирами ҳам мактабга олиб келдим. Ўғлим ҳам шу мактабни тамомлаган. Набирам яхши ўқиб, билимли бўлиб, келажакда юртимизга наф келтирадиган инсон бўлишини хоҳлайман», — дейди набирасини биринчи синфга олиб келган буви.
11-синф ўқувчилари учун бу кун болаликдан катта ҳаётга ўтиш арафасидаги сўнгги босқичнинг бошланиши бўлди.
«Охирги йил, бошқа бу жойларни кўрмайман. Охирги марта кўраётганим учун бошқача кайфият бўлди. Ўтган йили баъзи фанлардан 3–4 баҳо олганман. Бу йил бундан хулоса чиқариб, баҳоларимни яхшиламоқчиман. Иқтисод соҳасини танламоқчиман, шунинг учун математика ва инглиз тилини кўпроқ ўрганяпман», — дейди битирувчи синфига ўтган ўқувчи.
Мактабда 28 йилдан бери ишлаб келаётган бошланғич синф ўқитувчиси эса бугунги ўқувчи билан ишлаш ёндашуви ҳам ўзгарганини айтади. Унинг синфида 35 нафар бола бор ва уларнинг ҳар бири алоҳида характерга эга.
«Мактабимизда ҳозир икки-уч йилдан бери инклюзив болаларимиз ҳам ўқишмоқда. Улар билан алоҳида ишлашимизга тўғри келади. Бу болаларни синфдаги бошқа ўқувчилар билан тенглаштиришга ҳаракат қиламиз ва биргаликда синфдаги муҳитни яхши томонга ўзгартирамиз. Болаларга келадиган бўлсак, ҳар бир бола ўзгача бир олам. Ҳозирги болаларимиз техника асрида улғаймоқда. Улар ChatGPT’дан фойдаланаётганини айтишди. Бу ҳам болаларимизнинг ўсишига, юксалишига анча ёрдам беради. Биз буни мақсадли йўналтириб бердик ва қандай усулларда фойдаланиш кераклигини тушунтирдик», — дейди педагог.





