Бу ҳақда 8 сентябр куни Буюк Британия ҳукумати маълум қилди. Янги ёрдам пакети Украинага қиш мавсумида Россия ҳужумларидан ҳимояланиш имкониятларини кучайтиришга қаратилган.
Пакет доирасида АҚШда ишлаб чиқарилган Patriot ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари учун ракеталар етказиб берилиши режалаштирилган. Британия ҳукумати ёрдам таркибига яна қандай қурол-яроғ ёки ҳарбий техника киритилишини ҳозирча очиқламаган.
Лондоннинг янги ёрдам пакети Украина мудофааси бўйича Контакт гуруҳининг «Рамштайн» форматидаги навбатдаги йиғилиши арафасида эълон қилинди. Йиғилишга Буюк Британия мудофаа вазири Уэс Стритинг ва Германия мудофаа вазири Борис Писториус ҳамраислик қилади. Мазкур гуруҳ Украинага ҳарбий техника ва қурол-яроғ етказиб бераётган 50 га яқин давлатни бирлаштиради.
Стритингнинг таъкидлашича, Украина учун қиш даврида ҳаво ҳужумидан мудофаа воситалари билан қўллаб-қувватлаш айниқса муҳим. У Россия қиш мавсумида Украинадаги фуқаролик ва энергетика объектларига ҳужумларни давом эттириши мумкинлигини айтган.
Буюк Британия жорий йил март ойида ҳам Украина ҲҲМ учун 100 млн фунт стерлинглик ёрдам пакетини эълон қилган эди. Ўша пайтда Лондон икки ой ичида Украина ҳаво ҳужумидан мудофаасини қўллаб-қувватлаш бўйича мажбуриятларининг умумий ҳажми 600 млн фунтга етганини билдирган.
Умуман, Россиянинг Украинага қарши уруши бошланганидан бери Буюк Британия Киевга 16 млрд фунт стерлинг, яъни қарийб 18,7 млрд евро миқдорида ҳарбий ёрдам бериш мажбуриятини олган.
Бундан ташқари, июн ойида Британия ҳукумати Украинага 150 мингта дрон, 350 дан ортиқ ҳаво ҳужумидан мудофаа ракетаси ва радиолокация тизимларини етказиб бериш учун 752 млн фунт стерлинг ажратилишини маълум қилган. Ушбу етказиб беришлар 2026 йил охирига қадар амалга оширилиши режалаштирилган.
Лондон маълумотларига кўра, Украинага шу пайтгача 250 мингдан ортиқ дрон, 8 мингта ракета ва 350 мингта артиллерия снаряди берилган. Шунингдек, Буюк Британия 60 мингдан зиёд украиналик ҳарбийни тайёрлаган.
Буюк Британия 2030–2031 йилларга қадар Украинага ҳар йили 3 млрд фунт стерлинг атрофида ҳарбий ёрдам кўрсатишни режалаштирмоқда. 2026 йилнинг ўзида Британиянинг Украинага ҳарбий кўмаги 3,75 млрд фунт стерлингни ташкил этиши кутилмоқда.
















